Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи берган маълумотларга кўра, илк маротаба хорижда истиқомат қилаётган, узоқ муддатга ўқишга, ишга кетган, турли хил йўналишларда муваффақиятга эришган 16-30 ёш ўзбекистонлик йигит-қизларни бирлаштирувчи фестивал ташкил этилади.

Фестиваль жорий йилнинг 10-17 апрель кунлари Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ўтказилади.
Ушбу лойиҳа хорижлик юртдошларимизни мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва ўзгаришлардан кенг хабардор қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, онги ва қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Фестивал доирасида ёшлар форуми, тадбиркорлик, фан, таълим, ахборот технологиялари, санъат йўналишлари бўйича учрашувлар, маҳорат дарслари, халқ сайиллари, театрлаштирилган саҳна кўринишлари, миллий либослар кўргазмаси, Uz.National Instruments: Ўзбекистоннинг миллий чолғу асбоблари намойиши ва концерт кечаси, миллий ҳунармандчилик аукциони, “Рақслар жилоси” ва миллий таомлар фестиваллари ташкил этилади.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини намойиш этувчи китоблар тақдимоти бўлиб ўтади. Турли спорт тадбирлари, жумладан, кураш, улоқ (кўпкари) мусобақаси ўтказилади. Мазкур миллий спорт турига қизиқувчи ёшлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг махсус соврини учун беллашадилар.
Ушбу фестивалда хорижий давлат элчихоналари ва халқаро нуфузли ташкилотларнинг юртимиздаги ваколатхоналари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

 

Барно Мелиқулова, ЎзА