2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат лойиҳасининг 28-банди жамоатчилик томонидан энг кўп муҳокама этилаётган йўналиш бўлиб турибди.

– «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури лойиҳасининг интернетда муҳокамага қўйилиши натижасида биргина 2018.strategy.uz сайтида 1-йўналиш – Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича қарийб 700 га яқин изоҳ ва таклиф келиб тушди, – деди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти бўлим бошлиғи, юридик фанлари доктори Миравзал Миракулов. – Улардан энг кўп изоҳ тушгани бу 28-банддаги “Фуқароларни доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш, уларнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳамда меҳнат қилиш ҳуқуқларини таъминлаш”га оид лойиҳа бўлиб, 120 дан ортиқ изоҳ келиб тушди.
Иккинчиси, бу миллий биометрик паспортни хорижга чиқиш паспорти сифатида эътироф этиш, Ўзбекистон ҳудудида яшаш, ҳаракатланиш учун фуқаролик паспорти ўрнига шахсни тасдиқловчи ID – идентификация картасини жорий этиш бўлиб, 50 дан ортиқ изоҳ келиб тушган.
Учинчиси, “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, давлат хизматчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий таъминоти тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича 70 га яқин изоҳлар келиб тушган.
Тўртинчиси, инновацион технологияларни қўллаш орқали давлат хизматлари кўрсатишнинг юқори сифати, тезкорлиги, очиқлигини таъминлаш, аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини янада ошириш бўйича 30 дан ортиқ изоҳлар келиб тушган. Қайд этиш жоизки, уларнинг сони ҳар дақиқада ўсиб бормоқда.

 

ЎзА