Наноҳажмдаги SOD1капсулаларини яратишда Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Миллий технологик тадқиқот университети “МИСиС”, Шимолий Каролина университети олимлари ҳамкорликда иш олиб борди, деб хабар берди РИА Новости. 

Тадқиқотчиларнинг фикрича, антиоксидантлар гуруҳига курувчи супероксиддисмутаз ферментининг кўпқаватли полимерли нанотузилмасидан иборат бўлган бўлган бу капсулалалар инсульт, инфаркт касалликлари, орқамия жароҳатларини комплекс даволашда яхши самара бериш мумкин. Тадқиқот натижалари “Journal of Controlled Release” журналида чоп этилган.
Умуртка поғонасига шикаст етганда, қон-томир ёрилиб ёки тўқималар некроз ҳолатига учраганда (инсульт ва инфаркт назарда тутилмоқда) организмда қон айланиши мувозанатини бузилади. Бундай вазиятда аъзоларда кислород етишмаслиги билан боғлиқ гипоксия ҳолати кузатилиб, орқамия батамом зарарланиши, нейронлар ҳалок бўлиши мумкин.
Шу каби нохуш асоратларнинг олдини олишда антиоксидант фермент – супероксиддисмутаз (SOD1) самарали таъсирга эга бўлиб, уни зудлик билан жароҳат жойига етказиш орқали тўқималарни ўлишдан сақлаб қолса бўлади. Аммо бу ферментни шундайлигича организмга юбориб бўлмайди. У қонга тушиши билан тезда ўз кучини йўқотади.
“МИСиС”нинг “Биотиббиёт наноматериаллари” лабораторияси мудири Максим Абакумовнинг айтишича, шунинг учун ҳам улар дунёда биринчилардан бўлиб супероксиддисмутазни кимёвий “ўраб-чирмашди”. 40-50 нанометр ҳажмдаги кўпқаватли полиион SOD1 капсуласи ферментнинг барча хусусиятларини сақлаган ҳолда жароҳат жойигача етиб боради.
Янги дори кемирувчиларда синовдан ўтказилди. Тажриба намуналарида орқамия жароҳати тузалиб, ҳаракат-таянч функциялари тикланганлиги кузатилган.

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА