Нукуслик  тадбиркор-ихтирочи 7  сотих  eрда  70  тонна тарвуз етиштирмоқчи

2017 йилда турли оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда фойдасиз деб чиқиндига ташлаб юборилган буюмлардан маҳсулот ишлаб чиқариб, миллионлаб фойда кўраётган нукуслик тадбиркор-ихтирочи Рашид Қартбаев ҳақида шов-шувли хабарлар тарқалган эди.
 
Хабарларда унинг Нукус шаҳридаги кўплаб кўп қаватли уйлар ертўласини тозалагани, касаллик тарқатаётган ҳашаротларга қарши қандай қилиб курашаётгани, халқ орасида тозаликни сақлаш борасида амалга оширган тарғибот-ташвиқот тадбирлари, корхонасидан чиққан чиқиндилардан полимер шифер, брусчатка, ташландиқ кийим ва матолардан гулқоғоз, суякдан суяк уни ишлаб чиқаргани, қумликда жойлашган корхонаси атрофида қовун, пахта, ошқовоқ каби экинларни, ҳатто, гужум дарахтини эккани ҳақидаги маълумотлар келтирилган эди.
8b0453884e044527bb331b87ba5523e2.jpg
Маълумотларга кўра, тадбиркор кераксиз деб топилган чиқиндилардан 2017 йилда 1 миллиард 200 миллион сўм фойда кўрган.
Мутахассислиги биолог бўлган Р.Қартбаев мана, бир неча ойдан буён болалиги ўтган «Назархан» овул фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи, оиласи билан хорижда ишлаб пул топаётган кишиларга бўш ётган ердан фойдаланиш, миллионлаб фойда кўриш мумкинлигини тушунтиришга ҳаракат қилмоқда.
– Мен овул фуқаролар йиғини раисидан четда ишлаб юрган фуқаролардан тўрттасини топиб беринг, ердан унумли фойдаланса, яхшигина даромад олиши мумкинлигини исботлаб бераман, дедим. Менга ишонмади шекилли, топиб бермади. Ўзим 7 сотих ери бор шундай бир кишини топдим ва у билан шу ерда 70 тонна тарвуз етиштиришга келишдик. Ҳозир ерни тайёрлаб қўйибман. Баҳорда ишга киришиб, ваъдамнинг устидан чиқишга ҳаракат қиламан. Менинг ягона мақсадим юртдошларимиз иш қидириб четда юрмасин, дейман. Заминимиз шу қадар бебаҳоки, хоҳлаган киши ўз томорқасидан миллионлаб фойда кўра олади. Мен бунга қатъий ишонаман, – дейди Р.Қартбаев. – 2017 йилда ташландиқ маҳсулотлардан унумли фойдаландим. Суякдан ун ишлаб чиқариб, уни омихта емга аралаштирдим ва шу билан 300 жўжа боқдим. Бу ҳам менга қўшимча даромад келтирди.
Биз бу тажриба билан қизиқдик ва суяк уни олган кишилар билан суҳбатлашдик.
235925661_64567.jpg– Рашидбой менга суяк уни таркибида илик ёғи, кальций ва бошқа фойдали моддалар кўп бўлади, емга қўшсангиз, уй ҳайвонлари учун ғоят фойдали деган эди, – ҳикоя қилади Е.Алламбергенов. – Айтганидай қилиб паррандаларга бердим. Ўтган йили товуқларим 4 маротаба жўжалади. Демак, яхши парваришласанг, суяк уни орқали 1 товуқни 45 тага кўпайтириш мумкин экан. Тухуми ҳам йирик ва мазали. Шу ёшга кириб, ҳеч бунақасини кўрмаганман. Сигирим ҳам 6 литр ёғли сут берадиган бўлди.
– Президентимиз ташаббуси билан жорий йил юртимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилингани туфайли айни бизнинг йилимиз бўлди, –дейди ихтирочи-тадбиркор Р.Қартбаев. – Тадбиркорликни бошлаган дастлабки пайтларда жуда қийналганман. Сабаби, бундан 10-15 йил аввал солиқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан ишимиз ривожига ёмон таъсир кўрсатадиган кераксиз текширишлар бўлиб турарди. Шундай текширишлар натижасида менинг иш ҳужжатларимдан ҳам камчиликлар топилиб, 2009-2011 йилларда суд томонидан жазога ҳукм этилганман. Президентимизга минг раҳмат, мана бугун бизга ўхшаган тадбиркорларга кенг йўл очилди. Фақат ишла, ҳаракат қил, ярат, юрт равнақига ҳисса қўш деяптилар. Бу бизга куч беради. Тўғри айтаяптилар, аслида тадбиркорларга кўп нарса керак эмас, фақат халақит берилмаса бўлгани.
Тадбиркор Р.Қартбаев шу кунгача ўзи ихтиро қилган топилмаларнинг деярли ҳаммасини амалда исботлаб келмоқда. У айтаётган гаплар аввалига бизга ҳам қандайдир келажакда рўй берадиган ҳикоядай туюлган бўлса-да, уларни ўз кўзимиз билан кўргач, ишондик. Буни бизга олис қайсидир мамлакатда, биз исмини ҳам айтишга қийналадиган қандайдир олим эмас, юртимизда ўзимизнинг Рашидбой амалга оширмоқда. Шунинг учун ҳозир унинг номи Қорақалпоғистонда машҳур. Умидимиз энди у бутун мамлакатимизга танилса, у қилаётган ишлар бошқа вилоятларда ҳам қўллаб кўрилса, фойдадан холи бўлмас, деган хаёлга бордик.
Рашид Қартбаев тўкилган баргдан экологик уй қуришни ҳам ихтиро қилди. Энди буниси бошқа бир ҳикоя…

 

Есимқан ҚАНААТОВ. ЎзА