Xushnudbek.uz сайти олий таълим муассасаларининг барча йўналишлар бўйича қўшимча контрактнинг аниқ миқдорлари ҳақида маълумотини таҳлил қилиб чиқди. Энг қиммат тўлов 25 баробар! Ва бу тўлов юриспруденция йўналиши бўйича қўшимча-контрактда ўқиш истагини билдирганлар учун тааллуқлидир.

2017 йил 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 393-сонли қарорига кўра тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига 4 баллгача етмаган абитуриентлар учун қуйидагича миқдор белгиланган эди:

1 баллгача етмаган абитуриентлар учун – 1,5 баробар;

1.1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун – 2,0 баробар;

2.1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун – 2,5 баробар;

3.1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун – 3,0 баробар.

Давлат комиссиясининг тартибига мувофиқ, барча таълим соҳаси ва таълим йўналишлари бўйича 4 баллдан ортиқ балл етмаган, энг юқори баллнинг 30% (68,0 балл)дан кам бўлмаган ҳолда, қўшимча равишда ўқиш истагини билдирган абитуриентларнинг биринчи ўқув йили учун тўлов-контракт миқдорлари тасдиқланди.

Оширилган тўлов-контракт миқдорларига назар ташласак, энг қиммат тўлов ҳуқуқ йўналишида эканлигини кўриш мумкин. Унга кўра, юриспруденция йўналиши бўйича қўшимча-контрактда ўқиш истагини билдирганлар биринчи ўқув йили учун 25 баравар миқдорида контракт тўлаши лозим бўлади. Бу бугунги кунда 246 млн. 250 минг сўмни ташкил этмоқда.

Ушбу оширилган контракт миқдори фақат биринчи йил учун тўланади. Кейинги йилларда ҳамма қатори оддий миқдордаги контракт тўланади.

Барча миқдорлар билан мана бу ерда танишишингиз мумкин.