Alimov5.jpgЗамонавий цивилизациянинг ўзига хос муҳим хусусиятларидан бири, бу унинг мавқеи, салоҳияти, тақдири кўп жиҳатдан ахборотга боғлиқ бўлиб қолганлигида кўринмоқда. Оддий инсонлардан тортиб машҳур шахсларнинг, давлат раҳбарларининг, шунингдек, халқларнинг, давлатларнинг ҳаёти, яшаш тарзи, истиқболи ахборот майдонларида ҳал этилмоқда, десак муболаға бўлмайди. Кўринадики, вужудга келган ёш мустақил давлатларнинг оёққа туриши, минтақада ва жаҳон ҳамжамиятида мустаҳкам ўринга эга бўлиши, ҳар жиҳатдан ахборотга, яна бир карра миллий ва жаҳон ахборот маконида кечадиган жараёнларга боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Маълумки, ҳар қандай миллий журналистика, яъни миллий матбуот, биринчи навбатда, мамлакат аҳолисининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади. Бир йўла халқ, жамият ва давлат ҳақида муайян тасаввур яратади.

Шундай экан, биз ана шу «янги нефть»ни қазиб чиқарувчи кадрларни тайёрлаш ишига ҳар доимгидан ҳам жиддийроқ ёндашишимиз керак.

Бўлажак университет тузилмаси бўйича таклифлар

Факультетлар ва бўлимлар кесимида:

Ҳозирги реал медиа муҳитидан ҳамда чет эл журналистика мактаблари тажрибасидан келиб чиққан ҳолда анъанавий журналистика факультетларини қуйидаги тартибда бўлиш мумкин:

1. Газета ва журналлар журналистикаси (Print Media Journalsim);

2. Телевидение ва радио журналистикаси (Broadcasting Journalism);

3. Янги медиа (интернет) ва оммавий коммуникация (New Media and Mass communication);

4. Телерадио режиссураси;

5. Телерадио ва коммуникация техникалари;

6. Матбаачилик;

7. Магистратура, докторантура, журналистика тадқиқотлари;

8. Ахборот хизмати ва жамаотчилик билан алоқалар (PR);

9. Журналистлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш;

10. Ҳарбий ва тиббий тайёргарлик.

Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, шу пайтга қадар ижодий ва техник ходимлар мамлакатимизнинг турли олий таълим муассасаларида тайёрланиши, кейинчалик уларнинг ОАВга, яъни бирон-бир ижодий жамоага келиб, аксарият ҳолатларда бир-бирларини тушунмасликларига сабаб бўлмоқда. Бундай муаммо кўпроқ телерадио режиссураси, телерадио муҳандислиги ёки матбаачилик соҳаларида таҳсил олган ёш кадрлар билан журналистика факультетларини битирган талабалар ўртасида кузатилади. Шу сабабдан ОАВда меҳнат қиладиган барча техник ва ижодий ходимларни бир жойда, таянч университетда тайёрлаш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ўқиш жараёни

Ушбу муҳим жараённи ташкил этишда олдимизга оддий бир саволни қўйишимиз керак: журналистика ва оммавий коммуникация университети кимларни тайёрлайди?

Жавоби аниқ: юқори интеллектга эга бўлган журналист кадрлар, PRменлар, телерадио режиссёрлари, соҳага тегишли турли техник ходимларни тайёрлайди.

Улар ўз ихтисосликлари бўйича:

1. Тележурналист;

2. Радиожурналист;

3. Онлайн журналист;

4. Матбуот журналисти;

5. Халқаро журналист;

6. Телерадио режиссёри;

7. Муҳандислар ва шу каби қатор техник ихтисосликларга бўлинади.

Ўз навбатида уларнинг ҳар бири, мисол учун, тележурналистика бўйича – янгиликлар, иқтисодиёт, сиёсат, таҳлил, кўнгилочар тележурналистика йўналишларини чуқурроқ ўзлаштира боради.

Ахборот технологияларининг мисли кўрилмаган тараққиёти, хусусан, глобал интернет тармоғи шу пайтгача кишилар онгида шаклланиб келган анъанавий оммавий ахборот воситалари кўламини мутлақо кенгайтириб юборди. Бунинг натижасида мавжуд ахборот макони – бизнинг мисолимизда миллий журналистика “ҳудуди”, чегаралари тубдан ўзгарди. “Ичкари”дан “ташқари”га ва аксинча ахборот узатиш ҳажми, суръати тасаввур қилиб бўлмас даражада ортди.

Шу сабабдан журналист кадрларни тайёрлашда мамлакат ичкарисидан ташқарига ва ташқаридан ичкарига узата олиш бўйича уларнинг касб маҳоратини шакллантириб бориш керак. Токи, мисол учун, Лондонда ишлаётган ўзбек мухбири Британия медиа маконида Ўзбекистон манфаатларини юрагида сақлаб ва айни пайтда мамлакатимиз аҳолиси учун муҳим ва қизиқарли хабарларни узатиб борсин.

Келажакда халқаро журналистика соҳасида ишлайдиган талабаларни иккита алоҳида бўлимга ажратган ҳолда тайёрлаш керак:

1. Чет элда туриб, миллий ОАВ вакили сифатида Ўзбекистонга она тилида журналистик материаллар юбориш билан шуғулланади. Булар универсал журналист, яъни бир пайтнинг ўзида ҳам ёзувчи, ҳам тасвирга олувчи мутахассис бўлиши керак. Бу, табиийки, ўқув соатларида акс эттирилиши шарт.

2. Мамлакат ичкарисида туриб, халқаро медиа маконга Ўзбекистон ҳақида турли хорижий тилларда ахборот узатади.

Худди шу йўналишлар алоҳида хорижий тиллар кесимида ҳам чуқурлашиб боради. Чунки журналистика соҳасида тилни шунчаки ўрганиш камлик қилади. Ҳар бир тилда ижод қилиш учун ўша тилдаги публицистик услубни, ОАВ тилини ҳам мустаҳкам ўзлаштириш талаб этилади. Журналист чет тилни ўрганиши мумкин, бироқ ўша тилларда сўзлашувчи аудиториянинг ишончини ва эътиборини қозонишга осонликча эришиб бўлмайди.

Халқаро журналистика йўналишида талаба ўзи ўрганаётган тил билан бирга дунёдаги тегишли минтақа ёки мамлакат бўйича чуқурроқ ўқитилиши керак.

Ўқиш жараёнида юқорида қайд этилган факультетлар ва уларнинг таркибий қисми ҳисобланадиган кафедралар бир-бирларини такрорламасдан, балки умумий иш учун, юқори малакали, маълум бир йўналишга ихтисослашган кучли кадр тайёрлашга хизмат қилишлари лозим.

Ўқиш жараёнида журналистика назарияси билан боғлиқ умумий фанлар 1- ва 2-семестрда, яъни 1-курс давомида берилиши лозим. 2-курсдан бошлаб ҳар бир талаба ўз ихтисослиги бўйича предметларни танлаб (хорижий тажрибада яхши самара берган) ўқиши керак.

Мисол учун яқин келажакда, «O’zbekiston 24» телерадиоканалининг ўзбек тилидан ташқари алоҳида рус, инглиз ва бошқа тиллардаги каналларини ташкил этишни назарда тутган ҳолда, уларда эркин ижод қила оладиган миллий кадрларни тайёрлаш ишларини бугуннинг ўзида, қуйи курсларданоқ бошлаш зарур.

Ҳар бир журналист ўқиш давомида ўз она тили сирларини мукаммал ўзлаштиришдан ташқари камида битта хорижий тилни чуқур ўрганиши шарт.

Эндиликда ОАВ ва интернетни бир-биридан алоҳида тасаввур қилиш мумкин эмас. Асосийси, глобал тармоқ мамлакатлар ўртасидаги географик чегара тушунчасини бир мунча шаффофлаштирди ва «совуқ уруш» давридан мерос қолган темир пардаларнинг олиб ташланишига йўл очди. Биргина мисол. Ўзбекистон ҳудудида бирорта янги онлайн радиоканал пайдо бўлди дегунча, шу куннинг ўзида унинг муштарийлари қаторига Москва, Манхэттен, Жидда ёки Токиодаги тингловчилар ҳам қўшилмоқда. Бу – хорижий медиа маконида мамлакатимиз имижини ривожлантириш имконияти янада ортмоқда, деганидир.

Талабаларни ихтисослашув йўналишидан келиб чиқиб, уларга оммавий коммуникация имкониятларини чуқур ўргатиб бориш зарур. Негаки, газета ҳам, журнал ҳам, радио ва телевидение ҳам жаҳон тармоғига дадил кириб бормоқда. Бундан кейин журналистиканинг барча соҳалари интернет воситасидан кенг фойдаланишда давом этаверади.

Амалиёт жараёни

Замонавий ахборот оқими хусусиятлари, имкониятларидан (ҳар қандай ахборотни исталган дақиқада дунёга ёйиш оддий ҳолга айлангани) келиб чиқилса, мамлакат ҳудудида фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари тарқатаётган хабарлар, янгиликлар ички ахборот эҳтиёжини қондириши билан бир вақтда, мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётига доир янгиликларни жаҳон аҳлига етказаётган ҳисобланади. Ва ҳар қандай ахборот бир вақтнинг ўзида ҳам ички, ҳам ташқи ахборот вазифасини ўтаётган ҳисобланади.

Биргина шу ҳолатнинг ўзи, бир томондан, замонавий ахборот дунёсининг янгиланаётганини ифода этса, иккинчи томондан, маҳаллий журналистлар зиммасига фавқулодда жиддий масъулиятлар юклайди.

Ҳозирги замон ўқувчиси – ўқувчи эмас, у аввало томошабин. У матндан кўра визуал ахборотни катта қизиқиш билан қабул қилади ва узоқ вақтгача эслаб қолади. Бошқача айтганда, замондошларимиз кун давомида қабул қиладиган ахборотнинг 70 фоизини кўз билан кўрган маълумотлари орқали олади. Шу сабабдан бугунги журналистикани, мисол учун газета-журналларни, телевидениени, ахборот порталларини визуаллашган ахборотсиз тасаввур этиб бўлмайди. Инфографика, лонгрид, стори теллинг каби янги форматлар анъанавий журналистиканинг барча йўналишларини ўзида мужассамлаштира олади.

Биз ҳозир «мақола»ни нафақат ўқишимиз (матн), балки уни тинглашимиз (аудио файл), томоша қилишимиз (видео ва бошқа визуал материаллар), ҳатто унга бевосита муносабат билдиришимиз ҳам мумкин.

Дарҳақиқат, ҳозирги замон ўзгаришлари, оммавий ахборот воситаларининг технологик жиҳатдан шиддат билан янгиланиши соҳага ўзгача ижодий услуб ва шаклларнинг яратилишига, янгича ифода воситалари, янгича тил, тасвир йўсинларининг кашф этилишига эҳтиёж туғдирмоқда. Бундай эҳтиёж миллий журналистикамизнинг имкониятларини глобал миқёсларда кенгайтириш учун айни муддаодир.

Таниқли журналист ва тадқиқотчи Ҳалим Саидов таъкидлаганидек, “ўз халқининг миллий манфаатларини ҳимоя қилишни юксак мақсад деб биладиган матбуотнинг том маънода тўртинчи ҳокимиятга, жамиятимиз орзу-интилишларини идора этадиган кўзгуга айланиши учун аввало фаолиятининг асосини ташкил этадиган бундай тушунчаларни ойдинлаштириш, бошқача айтганда “иш қуроллари”ни созлаб олиш муҳим аҳамият касб этади”.

Журналистика университети барча босқич талабалари учун предметлар бўйича кўпроқ амалиёт соатларини ажратиш зарур. Бунда, қуйи курслар университетнинг ўзида ташкил этиладиган ижодий устахоналарда, яъни мини телестудиялар, радио студиялар, газета таҳририятлари, журнал таҳририятлари, интернет нашр таҳририятлари, босмахоналар, фото лабораторияларда касб сирларини ўзлаштиришлари керак.

Юқори босқич талабалари эса асосан давлатга тегишли ОАВ таҳририятларида махсус ташкил этиладиган расмий амалиёт пунктларида «устоз-шогирд» анъаналарига таянган ҳолда, яъни «mentoring» (бир устозга бир талаба) услуби ёрдамида журналистика дунёсига кириб боришлари лозим.

Барча босқичларда бўлғуси ижодий ва техник ходимлар ёнма-ён бўлишлари яхши самара беради. Мисол учун, тележурналистикага ихтисослашаётган талаба амалиёт жараёнида ўзига тенгдош техник мутахассислар (оператордан бошлаб овоз режиссёри ва чироқчига қадар) билан ижодий ҳамкорликни бошлаши керак. Худди шундай «тандем»ни бўлғуси газета мухбири билан рассом (дизайнер) ёки матбаачи ўртасида ҳам шакллантириш муҳимдир.

Университетдаги ижодий лабораториялар, масалан, ўқув телестудияси ҳозирги пайтда амалиётда ишлатилаётган замонавий видео камералар ва монтаж ускуналари билан айнан бир хил бўлиши керак. Чунки эски техникада ўрганган талаба эртага амалиётдаги янги техника ва шароитга мослашиши қийин кечади.

Яна бир масала. Агар таҳририятларда янги ускуна, замонавий техникалар жорий этиладиган бўлса, унинг айни жиҳатлари параллель равишда факультетларда ҳам ўргатила бошлаши керак. Мисол учун ТВдаги навбатдаги модернизация ишлари давлат дастурига киритилса, журналист талабаларга ҳам айни бир пайтда уларни ўргатиш ишлари инобатга олиниши шарт.

Ижодий устахоналарни моддий техника билан таъминлашдан ташқари уларнинг ҳар бирида штат бирлигига эга бўлган кичик таҳририятлар ташкил этилиши зарур. Уларнинг ҳар бирида камида уч киши мунтазам равишда фаолият олиб боради: бош муҳаррир (ўзбек тили), бош муҳаррир ўринбосари (инглиз ва бошқа хорижий тиллар бўйича), шунингдек, телерадио режиссёри, техник ходимлар бўлиши кўзда тутилади.

Ҳар бир талаба ўзининг биринчи журналистик амалий ишини ана шу кичик телестудия, радиостудия, газета-журнал таҳририяти ёки ўқув порталида намойиш этиш имкониятига эга бўлсин. Ёш журналистлар ўзбек ва рус тилларидан ташқари қатор хорижий тилларда мустақил равишда мақола ёзишни, теле ва радио репортаж тайёрлашни ўргансин.

1. Телестудия – ўз кўрсатувларини интернетдаги университетнинг расмий сайти ва ижтимоий тармоқдаги плагин орқали узатади;

2. Радиостудия – ўз эшиттиришларини интернет, FM канали ёки университет ички тармоғи орқали узатади;

3. Фото ва янги медиа дизайни устахонаси ҳам тегишли таҳририят билан ишлайди;

4. Газета таҳририяти, илмий журнал таҳририяти, янгиликлар портали фаолият юритади.

Бошқа қатор йўналишларда ўқиётган талабалар ҳам худди шу тартибда ўз касб маҳоратини ошириб боради.

Журналистика соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш

Кадрлар масаласи ҳам алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган ташкилий ишлардан ҳисобланади. Янги университетда ишлайдиган ўқитувчиларни тест синови асосида ишга қабул қилиш кутилган натижани бермайди. Шу маънода, ўйлаймизки, уларнинг ўз соҳасида ишлаб орттирган тажрибаси, касб сирларини талабага тушунтириб бера олиш маҳорати сифатига қараб, кафедраларга жалб этиш мумкин.

Умуман олганда журналистика университети ўқитувчиларининг 90 фоизи амалиётчи бўлиши керак.

Педагоглар сафини бўлғуси журналистлар психологиясини яхши тушунадиган, чет элда таҳсил олиб қайтган ёки илмий тадқиқотлар олиб борган, шунингдек, хорижий ОАВда меҳнат қилган миллий кадрлар ҳисобидан кенгайтириш зарур.

Миллий ОАВда етарлича тажриба орттирган, хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шарҳловчи ёки машҳур журналистларни талабаларни ўқитиш жараёнига бевосита жалб этиш яхши самара беради. Журналистика амалиётида катта ютуқларга эришган ижодкорга, масалан, гарчи унинг илмий унвони бўлмаса-да, камида доцент мавқеини бериш керак. Хизмат кўрсатган журналистлар ва таҳририятларнинг амалдаги бош муҳаррирларига эса профессор мавқеи билан тенг маош бериш ўринли бўлар эди.

Кафедраларга чет эллик, мисол учун инглиз ёки хитой тилида ёза оладиган ва таҳрир малакасига эга бўлган амалиётчи журналистни жалб этиш лозим. Айнан уларнинг ёрдамида талабалар ўзлари ўрганаётган тилларда мақола ёзишни ва таҳрир қилишни ўрганади. Уларни грант эвазига қисқа муддатга эмас, балки бюджет ҳисобидан доимий ишга олиш керак.

Янги университет моддий-техник жиҳатдан жаҳон стандартларига мос равишда жиҳозланиши табиий. Янги ўқув-услубий лабораториялар, ўқув телерадио студиялари, янгича маҳорат мактаблари очилади. Бунинг учун маблағни аямаслик даркор. Аммо биз бунга фақат янги моддий-техник шароит, замонавий имконият деб қарамаслигимиз керак. Аксинча, ўзимизнинг устимизда тинмасдан ишлашимиз, изланишимиз керак. Бўлғуси журналистлар жамиятдан «бир қадам олдинга чиқиш»лари учун, соҳа мураббийларининг ўзлари «икки қадам олдинда юришни ўрганиш»лари керак.

Шу сабабдан журналистика соҳасидаги ўқитувчи кадрлар салоҳиятини ошириш зарурати кундай равшан. Бу масалани ҳал этиш учун хорижий мамлакатлар экспертлари иштирокида ўқитувчилар учун ТоТ (тренерлар учун тренинглар) ташкил этишимиз керак. Мисол учун, рақамли журналистика, аудиовизуал журналистика, оммавий коммуникация, медиа маконда миллий манфаатлар каби йўналишлар бўйича энг илғор тажрибаларни ўзлаштирмасдан иложимиз йўқ.

Шунингдек, миллий кадрларни бюджет ҳисобидан хориждаги турдош олий таълим муассасаларига малака ошириш курсларига юбориш яхши самара беради.

Бугунги ўзбек журналистикаси жаҳон ахборот макони архитектоникасига таркибий бўлим сифатида кириб борар экан, ахборотнинг замонавий жанрлари ва шаклларидан фойдаланишни жорий этиш масаласи давр талабидир. Яъни, ахборот матнига ортиқча безак бериш, сўзларни керагидан ортиқча ишлатиш тавсия этилмайди. Чунончи дунё ахборот майдонида пайдо бўлаётган замонавий жанрларнинг барчаси қисқаликка ва тезкорликка йўналтирилмоқда. Эскича, сийқа ёки аморф (ўлик) усулларнинг даври ўтди.

Таклифлар

Бугунги журналистикага ахборот технологиялари қанчалик кириб келмасин барибир унинг асосини моҳирона ёзилган ёки айтилган сўз ташкил этади. Сўзнинг қудрати, унинг таъсир кучини ҳеч бир техник восита эгаллай олмайди. Шу жиҳатдан соҳада таҳсил олаётган талабаларга ҳозирги замон ўқувчиси дидига мос, услубий жиҳатдан тўғри ва тушунарли тилда ёзиш сирларини ўргатиш керак.

Бўлғуси мухбирлар анъанавий журналистика қонун-қоидаларини замонавий ахборот технологиялари асосида ўзлаштиришлари керак. Радио, телевидение, матбуот, матбаачилик, режиссёрлик ва умуман барча ижодий йўналишлар билан боғлиқ касб сирларини АКТ имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ўрганиш, сўзсиз, яхши самара беради.

Анъанавий информатика дарсларини тубдан қайта кўриб чиқиб, уларни айнан журналистика соҳаси учун зарур бўлган ўқув соатлари билан тўлдириш керак.

Юқори босқич, яъни 6- ёки 7-семестр даврида талабаларни ўзлари ўрганаётган тилга мос келадиган хорижий мамлакатга ихтисослашиш мақсадида камида олти ойлик (ёки бир семестр) амалиётга юбориш тажрибасини жорий этиш керак. Буни ўша мамлакатдаги ҳамкор ОТМ билан ҳамкорликда амалга ошириш яхши натижа беради.

Мисол учун, Жанубий Кореядаги журналистика ўқитиладиган ОТМлар ўз талабаларини амалиёт учун асосан АҚШдаги ОАВга юборади. Соҳада олиб борилаётган илмий тадқиқотларнинг ҳам аксарияти Америка билан боғлиқ. Улар Корея ва АҚШ тажрибасининг турли аспектларини ўзаро қиёсий таҳлил шаклида ўрганади.

Хулоса ўрнида

Гапирса, албатта, ҳали гап жуда кўп. Ҳар бир фандан, мисол учун Янгиликлар журналистикасидан тест синовлари умуман керак эмас. Ундан кўра талаба янгилик ёзишни ўргансин.

Бўлғуси мухбир ҳар бир предметдан амалий иш топшириши керак. Мисол учун чет тилини ўрганаётган талаба, сўзсиз, шу тилда мақола ёзсин ёки кўрсатув тайёрласин.

Афсуски, биттагина мақола доирасида бутун бир журналистика таълими билан боғлиқ масалаларни қамраб олиш қийин. Аслида бунга даъвоимиз ҳам йўқ.

Энг асосийси, миллий журналистикамиз жаҳон медиа маконида ўзининг мустаҳкам ўрнига қанча тез эга бўлса, бу нафақат соҳамизнинг, балки бутун Ўзбекистонимизнинг муҳим ютуқларидан бири бўлар эди.

Беруний Алимов, тадқиқотчи.

 

ЎзА