Қишлоқ ва олис туманлардаги шифокорларнинг таъминланганлигини яхшилаш мақсадида тиббиёт ташкилотларида меҳнат қилаётган шифокор-пенсионерларга пенсияни тўлиқ миқдорда тўлаш кўзда тутилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида”ги қарорида келтирилган.

Қарорда хусусий тиббиёт ташкилотларини молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида урғу берилган. Хусусан, “Асака” акциядорлик-тижорат банки қошида ташкил этилган нодавлат тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш жамғармасига ҳар бир ҳудуд учун ҳажми 1 миллион доллар миқдорида бўлган навбатдаги 14 миллион доллар ҳажмидаги транш кредит маблағларини ажратиш назарда тутилган.

Бунда, нодавлат тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш жамғармасининг маблағлари юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш, хусусий тиббиёт ташкилотлари шифокорларини малака оширишга хорижий мамлакатларга юборишга ҳамда нодавлат тиббиёт ташкилотларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга қаратилади.

Қарорнинг тўлиқ матни билан танишиш учун сайтимизни кузатиб боринг.

 

ЎзА