Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлигининг пойтахтимиздаги маданият марказида Қуролли Кучлар ташкил топганлигининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган “Мардлар қўриқлайди Ватанни” кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди.
Танловнинг якуний босқичида Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, МХХ чегара қўшинлари ва бошқа идораларнинг 28 вакили иштирок этди.

Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли яккахони, кичик сержант Ботир Хўжаевнинг “Буюк давлат қурамиз” деб номланган қўшиғи томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлди.

Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмларнинг бирида хизмат қилаётган оддий аскар Муроджон Алиевнинг бахшилар услубида ижро этган Ватан ҳимоячиси ҳақидаги ашуласи ёшларимизнинг халқ анъаналари ва урф-одатларига юксак эҳтиромидан далолат бўлди.

Ички ишлар вазирлиги ансамблининг дуэти ҳам томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. Бир сўз билан айтганда, ҳар бир қатнашчининг якуний босқичга пухта тайёргарлиги яққол сезилиб турди.

Танлов ғолиблари 2018 йил январь ойида Ватан ҳимоячилари куни арафасида бўлиб ўтадиган қўшиқлар фестивалида эълон қилинади.

Аблай Камолов, ЎзА
348