Истанбулдан учиб келган фуқаролар Н.Нуритдинова ва М.Мирзамахмудовалар божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ва йўловчи божхона декларациясида кўрсатмасдан туриб, тилла ва заргарлик буюмларини ноқонуний тарзда олиб киришаётганида тўхтатиб қолинди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Н.Нуритдинова қиймати тахминан 100 миллион сўмдан ортиқ бўлган 465 грамм оғирликдаги, М.Мирзамахмудова тахминан 45 миллион сўмдан ортиқ қийматдаги 208 грамм оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларини божхона назоратидан четлаб, олиб кирмоқчи бўлган.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати Ахборот хизмати.

2017 йилнинг ўтган даврида “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 114 та божхона қоидабузарлики натижасида қиймати 2 миллиард 234 миллион сўмдан ортиқ салкам 37 килограмм оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

 

Нурилло Насриев, ЎзА