Янги йил байрами олдидан “Нукус деҳқон бозори” акциядорлик жамияти томонидан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди.

– Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркасида харидорларга қулай бўлиши учун терминналлар ўрнатилиб, тўловлар нақд пулсиз амалга оширилиши йўлга қўйилди, – дейди “Нукус деҳқон бозори” акциядорлик жамияти раиси ўринбосари Саламат Караматдинов. – Бозорнинг ёпиқ павильонида 38 хил озиқ-овқат маҳсулоти арзон нархларда сотилмоқда. Амударё, Элликқалъа ва Шуманай туманлари фермерлари гўшт, Хўжайли ва Нукус туманлари фермерлари балиқ, Тўрткўл ва Беруний туманлари деҳқонлари мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етказиб бераётир. 1 килограмм гўшт 25 минг сўмдан сотилмоқда.

Нукус туманидаги “Жалал қара Нукус” фермер хўжалиги томонидан етказиб берилаётган тирик балиқнинг бозори чаққон.

– Балиқчиликка ихтисослашган хўжалигимиз 2013 йилда ташкил этилган, – дейди ушбу фермер хўжалиги раҳбари Матназар Исмоилов. – Банкдан олган имтиёзли кредит эвазига ҳар бири 4 гектардан иборат 2 кўлда 4-5 хил балиқ парваришини йўлга қўйдик. Ярмаркада шаҳарликларнинг байрам дастурхони учун кунига 80-100 килограмм балиқ сотмоқдамиз.

Самарқанд вилоятининг Ургут туманидан ташриф буюрган Бекмурод Полвонов нукусликларнинг байрам дастурхонига 50 турдаги қуритилган мева тақдим этмоқда.

– Бозорда сотувчи ва харидорлар учун жуда катта қулайликлар яратилганидан мамнунмиз, – дейди Б.Полвонов. – Байрам арафасида савдо яхши бўлмоқда. Дармондорига бой қуритилган мевалар дастурхон кўрки бўлиш билан бирга, организм учун айниқса, совуқ кунларда яхшигина қувват бўлади.

Янги йил байрами ярмаркаси 2018 йилнинг 5 январига қадар давом этади.

 

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА