2017 йил Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг уч талабаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендиясига, бир нафар талаба Ислом Каримов номидаги давлат стипендиясига, икки нафар талаба Навоий номидаги давлат стипендиясига, бир нафар талаба Мирзо Улуғбек номидаги давлат стипендиясига муносиб кўрилди.

Республика фан олимпиадаларида университет талабалари саккиз йўналиш бўйича биринчи, беш йўналишда иккинчи ўринни қўлга киритди. Таълим жараёнида пухта билими, иқтидорини кўрсатган олтмишдан ортиқ талаба Миллий университет стипендияси билан тақдирланди.2017 йил Беларусда математика фани бўйича ўтказилган халқаро олимпиадада математика факультети 3-курс талабаси Ҳакимбой Эгамберганов иккинчи ўринни қўлга киритди. И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент филиалида кимё фанидан ўтказилган очиқ халқаро интернет-онлайн олимпиадасида уч нафар талаба фахрли ўринларни қўлга киритди. Туркияда талабалар ўртасида ташкил этилган спорт мусобақаларида уч нафар талаба муваффақиятли қатнашди.

Университетда ўтказилган тадбирда 2017 йил фан, таълим, маданият, спорт ва ижтимоий соҳаларда катта ютуқларни қўлга киритган 114 нафар иқтидорли талаба фахрий ёрлиқ ва диплом билан тақдирланди.

 

Шахноза Маматуропова, ЎзА