Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг “Медиа-холл” мажмуасида Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси билан ҳамкорликда Ижтимоий телерадиомаҳсулотлар IX миллий фестивали ўтказилди.

Унда сенаторлар, депутатлар, Парламент комиссияси аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси раиси А.Саидов, ЎзЭОАВМА бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида журналистлар зиммасидаги масъулиятли вазифалар янада ортаётгани, уларнинг ҳар жабҳада фаоллик билан меҳнат қилиши давр талаби эканини алоҳида таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, жамиятимиз ҳаётида демократик принципларни мустаҳкамлашда ОАВ муҳим ва таъсирчан омил экани ҳисобга олинган ҳолда, бу борада чинакам профессионал замонавий журналистикани шакллантириш, хусусан, нодавлат оммавий ахборот воситаларини, ахборот ва таҳлилий интернет сайтларини молиявий қўллаб-қувватлашга эътибор қаратиш, бунинг учун махсус давлат фондини тузиш ҳақида айтилди.

Ижтимоий телерадиомаҳсулотлар миллий фестивали аҳоли, хусусан, ёшларни жамиятимизда бўлаётган ислоҳотларга оид долзарб мавзуларда таъсирчан ижтимоий роликларни тайёрлаш, бу йўналишда фаолият юритувчи ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларни муносиб рағбатлантиришга хизмат қилади.

Фестивалда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишланган, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси жараёнларини ёритишга, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилишга қаратилган энг яхши ижтимоий роликлар йўналишида ғолиблар аниқланди.

Ҳар бир номинация бўйича ғолиблар ҳакамлар ҳайъати томонидан онлайн овоз бериш йўли билан аниқланди.

– Мазкур фестивалда Президентимиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг Конституциямиз тамойилларига ҳамоҳанглигини ёритиб беришга ҳаракат қилдик, – дейди “Sevimli TV” бошловчиси, фестиваль ғолиби Жаҳонгир Олимов. – Амалга оширилаётган чора-тадбирлардан халқимиз жуда мамнун. Биз уларнинг бу хурсандчилигини томошабинларимиз эътиборига ҳавола этдик.

Ғолиблар махсус диплом, статуэтка ва мукофот билан тақдирланди.

Фестиваль доирасида Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат гранти ғолибларига сертификатлар топширилди.

 

Улуғбек Асроров, ЎзА