Халқаро пресс-клуб нодавлат-нотижорат ташкилоти ва Корея Республикасининг ҳафталик нашри ҳисобланган “Uz Kor Economy Media Group” ўртасида ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. Бу ҳақда Халқаро пресс-клубнинг “Telegram”даги расмий саҳифасида маълум қилинди.

Меморандум Кореянинг Сеул шаҳрида Халқаро пресс-клуб Раиси Шерзодхон Кудратходжаев ва «Uz Kor Economy» журнали раҳбари-Раис Рю Сок Ҳо томонидан имзоланган.
Ҳамкорликнинг асоси шунда кўринадики, Халқаро пресс-клуб Ўзбекистонда бўлаётган янгиликларни “Uz Kor Economy” нашрига инглиз тилида жўнатади ва UzKor хабарларни корейс тилига таржима қилиб ўз аудиториясига етказади.
“Ҳамкорликдан сўнг бизнинг интернетдаги журналимиз саҳифасига кириб, янгиликларимизни кузатиб борувчилар сони ортди. Бу Халқаро пресс-клуб томонидан тақдим этилаётган кўплаб мақолалар шарофати биландир. Айниқса, Ўзбекистон ҳамда Туркия ўртасида фуқароларнинг визасиз қатнови йўлга қўйилиши ҳақидаги Халқаро пресс-клубдан олинган маълумотни журналимизда эълон қилган кунимиз жуда кўплаб телефон қўнғироқларига жавоб бердик. Ҳар куни бизнинг журналимизга қизиқарли ва муҳим янгиликларни тақдим этаётган Халқаро пресс-клуб ходимларига ҳам алоҳида миннатдорчилигимни билдириб ўтаман” – дейди «Uz Kor Economy» журнали раҳбари-Раис Рю Сок Ҳо.
Эслатиб ўтамиз, Корея Республикасида Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимидаги фаолиятининг биринчи йили ҳақида корейс тилида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев” номли китоб, айнан ушбу нашр – Корея Республикасида оммавий ахборот воситаси соҳасидаги юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган “Uz Kor Economy Media Group” томонидан чоп этилган.
Келгусида Халқаро пресс-клуб бошқа хорижий оммавий ахборот воситалари билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирган.

 

ЎзА