“Show саse” лойиҳасидан кўзланган мақсад нима?

Пойтахтимизда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан Янги йил байрамига бағишланган “Show саse” лойиҳаси доирасида маъданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ишлаб чиқилган “Show саse” лойиҳасидан кўзланган мақсад Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг мақсад ва вазифаларини ёшлар орасида кенг тарғиб этиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ёшларнинг иштирокини янада фаоллаштириш, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган авлодни вояга етказишга кўмаклашиш, уларнинг маънавий баркамол шахс бўлиб, жамиятда ўз ўринини топиши ҳамда ўзлари қизиққан соҳанинг етук мутахассислари бўлиб етишишларида кўмаклашишдан иборат.

Ёш тарғиботчилар марказининг қатнашчилари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан амалга оширилаётган ишлар, ёшларнинг мамлакатимиздаги оламшумул ўзгаришлар жараёнидаги иштирокини янада фаоллаштириш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан қизғин фикр алмашди, йигит-қизларнинг интеллектуал салоҳиятини юзага чиқаришга оид янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбирнинг бадиий қисмида Ёш тарғиботчилар маркази қатнашчилари ҳамда “Турон” театр-студияси актёрлари “Меҳр ва муҳаббат” деб номланган саҳна кўриниши, театрлаштирилган шоу ва бошқа томошалар кўрсатиб, барчада байрам шукуҳини уйғотди. Истеъдодли ёшлар томонидан тайёрланган ранг-баранг мусиқий дастурлар, ўйин ва викториналар, Ватан, ёшлик мавзуларида куй-қўшиқлар ижро этилди.

Тадбирда фаол иштирок этган ёшларга эсдалик совғалари топширилди.

 

Шаҳноза Маматуропова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА