Такрорий овоз бериш Тошкент шаҳрида икки ҳафта ичида ўтказилади

Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 114, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 45, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 41, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 33, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 46 нафар фуқаро депутат этиб сайланди.

Бу ҳақда кеча, 24 декабрь куни пойтахтда бўлиб ўтган Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловининг дастлабки натижаларига бағишлаб оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда маълум қилинди.

279 сайлов округида депутатлар сайланди. Ўзбекистон Республикасининг «Халқ депутаталари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Қонунининг 42-моддасига асосан 51 сайлов округида такрорий овоз бериш ўтказилади.

Такрорий овоз бериш икки ҳафта ичида қонун талабларига риоя этган ҳолда ўтказилади.

Сайланганларнинг 65 нафарини хотин-қизлар, 17 нафарини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади.

Иқтисодчилар 78 нафар, педагоглар 55 нафар, муҳандислар 45 нафар, шифокорлар 38 нафар, ҳуқуқшунослар 22 нафар ва бошқа касб эгалари 41 нафарни ташкил этади.

 

ЎзА