Аҳоли энг муносибларга овоз бермоқда

Миробод туманидаги «Ат-Термизий» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 210-сайлов участкасида ҳам Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов жараёни қизғин кечмоқда.

Ушбу муҳим сиёсий жараённи юқори савияда, очиқлик, тенглик ва адолат тамойиллари асосида ўтказиш учун сайлов участкасида зарур ишлар амалга оширилди. Сайлов участкаси давлат рамзлари, зарур адабиёт ва қўлланмалар, овоз бериш кабина ва қутилари билан таъминланган. Она ва бола, тиббиёт хоналари барча шароит мавжуд. Мазкур сайлов участкасида 1000 нафардан ортиқ сайловчи иштирок этиши кутилмоқда. Сайлов участкаси аъзолари ногиронлиги бор фуқароларнинг уйига бориб, сайловда иштирок этишини таъминламоқда.

11 (2).JPG

– Сайловда қатнашиш бугуни ва келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро учун муҳимдир, – дейди Ҳаётхон Бобоева. – Бу сайлов пойтахт аҳолиси ҳаётида янада катта аҳамиятга эга. Зеро, Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳрида туманлар даражасида халқ депутатлари Кенгашлари таъсис этилиши бизни ўз вакилларимиз – депутатлар орқали туманларни бошқаришда иштирок этиш, ўзимизни қийнаётган муаммоларни маҳаллий ҳокимиятга етказиш ва ҳал этишга имконият яратади. Ҳар бир фуқаронинг овози, ўзига муносиб номзодни сайлаши ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади. Сайловга пухта тайёргарлик кўрилгани яққол сезилиб турибди. Депутатликка номзодларнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан танишдик. Фуқаролар конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда ушбу сайловда қатнашиш асносида фаровон ва бахтли ҳаётимиз, ўз келажагимиз учун овоз бераётганимизни чуқур ҳис қиляпмиз. Мен ҳам сайловда қатнашиб, муносиб номзодга овоз бердим.

 

Байрам Айтмуродов, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА