Шавкат Мирзиёев Адиблар хиёбонида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, янги лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 23 декабрь куни Тошкент шаҳридаги бир қатор ижтимоий объектларга ташриф буюрди.

Президентимиз дастлаб Адиблар хиёбонида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 18 апрелдаги “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғини халқимиз, авваламбор, ёшларимизнинг маданий-маърифий савиясини юксалтиришга хизмат қиладиган, нафақат юртимиз, балки жаҳоннинг турли мамлакатларидан меҳмонлар ва сайёҳлар ташриф буюрадиган ҳар томонлама гўзал ва бетакрор масканга айлантириш, маънавий ҳаётимизда ўчмас из қолдирган атоқли сўз санъаткорларининг тарихий хотирасини абадийлаштириш мақсадида боғ ҳудудида Адиблар хиёбони барпо этилмоқда.

Президентимиз Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг замонавий биноси билан танишди, ёзувчи-шоирлар билан мулоқот қилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси биносини қуриш ишлари жорий йилнинг июль ойида бошланган эди. Икки қаватли замонавий бинонинг биринчи қаватида «Жаҳон адабиёти», «Шарқ юлдузи», «Ёшлик» журналлари таҳририяти, «Ижод» жамоат фонди, 150 ўринли фаоллар зали жойлашган. Иккинчи қаватда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг бошқаруви маъмурияти, турли тадбирлар, учрашувлар ўтказиладиган битта 50, иккита 30 ўринли заллар ўрин олган. Бинонинг ертўла қисмида кутубхона, музей бор.

Биз доимо зиёлиларни, ижодкорларни қўллаб-қувватлашимиз керак, деди Шавкат Мирзиёев. Улар яратган ибратли асарларни, шеърларни ёшларимиз қанча кўп ўқиса, маънавияти, маърифати юксалади, демакки, ватанпарвар бўлади. Ватанпарварлар қанча кўп бўлса, мамлакатимиз ҳам шунча тез равнақ топади.

Президентимиз бино ичидаги хоналарни кўздан кечирди. Ижодкорларга янада қулайлик яратиш, хоналарни зарур жиҳозлар билан таъминлаш юзасидан тавсиялар берди. Хусусан, Ёзувчилар уюшмаси кутубхонаси билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ўртасида онлайн ҳамкорлик ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. Бу Ёзувчилар уюшмасидан туриб Миллий кутубхонадаги барча китоблардан фойдаланиш имконини беради.

Ижодкорлар яратилган шароит, юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорлик билдириб, халқимиз маънавиятини бойитиш, ёш иқтидорларни юзага чиқариш борасида бор куч-ғайратини ишга солишларини таъкидлади.

Боғ ҳудудида жойлашган Ўзбекистон маданияти ва санъати кўргазмаси биноси таъмирланиб, адабий марказ ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Хиёбонда улуғ адибларимиз Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова хотираларига бағишлаб ўрнатилган ёдгорлик мажмуалари қаторига Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли олим ва жамоат арбоби Озод Шарафиддинов, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, халқ шоирлари Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаларини барпо этиш, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом ва Зулфия ҳайкалларини хиёбонга кўчириш бўйича амалий ишлар қизғин давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбари ёдгорлик мажмуалари яратиш концепцияси ишлаб чиқишга алоҳида ёндашиш лозимлигини қайд этди.

 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА