Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши томонидан “Миллий интернет танлови” доирасида халқаро экспертлар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилмоқда. Ёшлар пресс клубида ташкил этилган навбатдаги ана шундай лойиҳада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ёш дастурчилар, веб-саҳифа яратувчилари, ахборот технологияларига ихтисослашган ўқув юртлари талабалари қатнашди.

Мамлакатимизда АКТ соҳасини янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури асосида эркин ва очиқ дастурий таъминотдан фойдаланишни ривожлантириш ишлари изчил амалга оширилмоқда.

Жаҳоннинг етакчи ахборот-коммуникация технологиялари ишлаб чиқарувчилари ва олий ўқув юртлари билан ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани мамлакатимизда АКТ соҳаси учун кадрлар тайёрлаш, улар малакасини ошириш, дастурий таъминот яратувчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш имконини бермоқда.

Дастурий таъминотни ишлаб чиқиш замонавий АКТни ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан биридир. Технологик тенденцияларни янада ривожлантириш, ўз навбатида, дастурий маҳсулот ва хизматлар маркетинги, юқори технологик маркетинг муаммолари ва чекловлари борасида чуқур билим ва малакани талаб этади. Беларусь давлат университетининг информатика ва радиоэлектроника йўналиши бўйича мутахассиси Владимир Пархименко иштирокида ташкил этилган маҳорат сабоқларида шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

– Ўзбекистонга биринчи бор келишим, – дейди В.Пархименко. – Машғулотларда ўзбек ёш дастурчиларининг юқори технологиялардан яхши хабардор эканига гувоҳ бўлдим. Эътиборлиси, ўзбекистонлик ёшлар мазкур соҳага шунчаки касб, дея эмас, балки мамлакат тараққиёти ва келажагини белгилаб берувчи устувор йўналиш сифатида қарашмоқда. Бугунги маҳорат дарслари ижобий мазмундаги сифатли интернет-ресурсларни яратишни ташкил этиш, ёш веб-дизайнер ва дастурчиларни янги бизнес ғоялар сари илҳомлантиришга хизмат қилди.

Машғулотлар ўзаро фикр ва тажриба алмашиш руҳида, қизғин ижодий кайфиятда ўтди.

– Ахборот технологиялари дунё миқёсида жадал тараққий этмоқда, – дейди қашқадарёлик Жонибек Қодиров. – Бу биз сингари соҳа мутахассисларини ўз устида доимий ишлашга ундайди. Келгусида интернет сайтларини яратиш йўналишида фаолият юритишни режалаштирганман. Бунда бугунги тадбирда олган билим ва кўникмаларим асқатишига ишонамиз.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА