Президентимиз Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўқитувчиларига 20 та уй берилади

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил 13 майдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган мазкур университетда уч факультет, ўн иккита кафедра мавжуд.

Ўтган вақт мобайнида ушбу олий таълим муассасасига ажратилган ўқув бинолари капитал таъмирдан чиқарилиб, замонавий шароитлар яратилди. Бугун университетда 1 минг 100 талаба таҳсил олмоқда, уларга фан докторлари ва PhD даражасига эга юқори малакали мутахассислардан иборат ўқитувчилар жамоаси дарс бермоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ташрифи доирасида мазкур университет бинолари фойдаланишга топширилди.

Университетда таълим жараёни тўлиқ электронлаштирилган. Видеоконференция зали, синхрон таржима ва овоз ёзиш хоналари, ахборот-ресурс маркази замонавий технологиялар билан таъминланган. Wi-Fi тармоғига уланган мулоқот масканлари, Алишер Навоий достонларидагидек кўшклар ташкил этилган.

Президентимиз университетда яратилган шароитларни кўздан кечирди. Ўқитувчи ва талабалар билан суҳбатлашди.

Шавкат Мирзиёев Навоий асарларининг мультимедиавий луғатини яратиб, халқимизга етказиш, илмий изланишларни рағбатлантириш зарурлигини таъкидлади.

Ўзбек тилининг халқаро нуфузини ошириш, ўзбек адабиёти намуналарини чет тилларга таржима қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Она тилимизнинг бойлигини, унга ҳурматингиз ва муҳаббатингизни тилимизни дунёга тараннум этиш билан кўрсатишингиз керак, деди Шавкат Мирзиёев университет мутахассислари билан суҳбатда.

Президентимиз уларнинг ижтимоий шароитлари билан ҳам қизиқди. Университет ўқитувчилари учун Тошкент шаҳридан 20 уй ажратиш бўйича топшириқ берди.

 

Анвар Самадов, Aъло Абдуллаев (сурат), ЎзА