Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ёшлари халқаро ассоциациясини тузишни таклиф қилди

Ёшлар ҳақида гап кетганда, мен доим бир нарсани ўйлайман, деди давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномасида. Мана, бугунги кунда қанча-қанча ёшларимиз чет элларда таълим олмоқда, меҳнат қилмоқда. Албатта, уларнинг орасида ўз йўлини топиб, бегона юртда ҳеч кимдан кам бўлмай яшаётганлари ҳам кўп. Лекин Ватан соғинчи ҳар қандай одамни ҳам қийнайди. Шунинг учун улар билан доимо алоқа ўрнатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, юртимизга қайтиш истагида бўлганларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни кучайтиришимиз зарур.

Шу мақсадда Ўзбекистон ёшлари халқаро ассоциациясини тузиш ва унинг самарали фаолият юритиши учун тегишли шароит яратиб беришимиз керак.

Ёшларимиз хориждаги тенгдошлари билан илм-фан, маданият, тадбиркорлик, спорт ва бошқа соҳаларда доимий фаол мулоқотда бўлишлари мақсадга мувофиқ. Бу уларнинг ўз салоҳиятини дунё миқёсида намоён этишлари учун катта имконият яратади. Шунинг учун келгуси йили Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказиш кўзда тутилмоқда.

 

ЎзА