Келгуси йилда Ўзбекистондаги 21 634 та фермер хўжалигида кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйиш бўйича қарийб 23 мингта лойиҳа амалга оширилади. Бу ҳақда кеча ўз ишини якунланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида айтилди.

Кўп тармоқли фермер хўжаликлари томонидан 7,4 минг гектар майдонда интенсив боғлар, 4,3 минг гектар майдонда янги узумзорлар ва 844 гектар майдонда иссиқхоналар яратилади.

520 та фермер хўжалигида мева-сабзавот, гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлаш, 785 та фермер хўжалигида ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш, 3,9 минг фермер хўжалигида чорвачилик ва паррандачилик, 2,3 минг фермер хўжалигида балиқчилик ва асаларичилик, 2,1 минг фермер хўжалигида қўйчилик, эчкичилик ва қуёнчилик, 171 та фермер хўжалигида йилқичиликни ва куркачилик йўлга қўйилади.

6732 та фермер хўжалигида сервис хизматлари фаолият бошлайди.

Бу каби лойиҳалар орқали 2018 йилда қишлоқ жойларда 83 567 та янги иш ўрни яратилади.

 

ЎзА