2018 йилда ойликлар пулнинг қадрсизланишига қараб кўтарилади

Келгуси йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсия ва нафақалар миқдори инфляция даражасидан паст бўлмаган суръатларда оширилади. Бунинг учун Давлат бюджети ва Пенсия жамғармаси лойиҳаларидан қарийб 2 триллион сўм қўшимча маблағ ажратиш режалаштирилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Молия вазири Ж.Қўчқоров Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисидаги маърузасида айтиб ўтган.

Таълим харажатларига 19,5 триллион сўм ажратиш мўлжалланган. Бу 2017 йилдагидан 22,9 фоизга кўп.

Жумладан, 2018 йилда 434 та мактабгача таълим муассасасини қуриш-таъмирлаш ва жиҳозлаш, 11-синф ўқувчиларига мўлжалланган ўқув ишлаб чиқариш мажмуаларидаги 489 та устахонани зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш кўзда тутилмоқда.

Келгуси йилда Давлат бюджетидан ижтимоий соҳа учун 34,7 миллион сўм ажратилиши кўзда тутилган. Бюджетнинг жами харажатлари 62,2 триллион сўмни ташкил этади.

 

ЎзА