2017 йил ҳам кўз очиб юмгунча ниҳоялаб қолди. Аммо шу қисқа вақт ичида Ватанимиз, халқимиз ҳаётида мисли кўрилмаган улкан ўзгаришлар, янгиланишлар рўй берди. Ютуқ ва марралар қўлга киритилди. Ўтаётган йилнинг ҳар ойи, ҳар куни халқимиз учун унутилмас воқеаларни ҳадя этди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг расмий веб-сайти “саҳифалари»ни варақлайман. Мана, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига янги йил табриги:

“Биз кириб келаётган 2017 йилга “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном бердик. Бунинг негизида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ” деган олижаноб мақсад ва вазифалар ётибди. Янги йилда бу борадаги дастурий вазифаларни амалга оширишда барчамизнинг, аввало, раҳбар ва етакчиларнинг бир жону бир тан бўлиб, астойдил меҳнат қилишларига ишонаман. Юртимизда тинчлик ва барқарорлик, тараққиёт, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш бундан буён ҳам асосий вазифамиз бўлиб қолади.”

Бу умидбахш сўзлар, эзгу мақсадлар ижобатини бугун ҳар биримиз Ватанимиз ҳаётида, ўз ҳаётимизда кўриб, ҳис қилиб турибмиз.

Президентимиз жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада оширишга қаратилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадида 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрган эди. Оддий одамлар билан учрашиб, оилаларга кириб, уларнинг турмуш шароитлари билан яқиндан танишганди.

Танти қорақалпоқ элининг одамлари билан шоир айтгандай “оқ кўнглидан қора қалпоқ кийдириб” ўзининг отасини, акасини, укасини, фарзандини кўргандай суюниб, икки оғиз дилдан суҳбат қурган, самимий гурунглашган, орзу-умидлари, муаммо ва ташвишлари билан ўртоқлашган эди.

Ўшанда давлатимиз раҳбари соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, таълим, қишлоқ хўжалиги соҳалари муассасаларида бўлиб, уларда яратилган шароитлар билан танишди. Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш бўйича йиғилиш ўтказди. Зарур топшириқлар, вазифаларни белгилаб берди. Ташриф чоғида Мўйноқ тумани аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш муаммосини ҳал қилишга қаратилган Қўнғирот – Мўйноқ ичимлик суви тармоғи қурилиши лойиҳасининг бошланишига тамал тоши қўйилди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, 101 километр узунликда қувур ётқизилиб, мўйноқликларнинг қалбини бахту қувончга тўлдириб, тоза ичимлик суви келди. Ўша кунлари мен меҳнат таътилига чиқиб, Нукусга қайтгандим. Отам эрта саҳардан туриб: “Болам, юр сени Мўйноққа олиб бориб келаман. Тарихий воқеанинг гувоҳи бўласан”, деди.

Бордик. Бутун Мўйноқ аҳли иншоот атрофида. Нигоҳларида ҳавас, ҳайрат. Кўзларига ишониб-ишонмай бир-бири билан шивирлашиб, кулишиб, шоду хуррам туришибди… Иншоот ишга туширилди. Одамларнинг ўшандаги хурсандчилигини, завқини таърифлаб, тасвирлаб беришга тил ожиз. Юзларидан нур ёғилиб турган онахоннинг ичимлик сувидан бир ҳўплам ичиб: “Шу кунларга етказганингга шукр, энди ўлсам армоним йўқ!” дея кўзига ёш олганини, сийрак соқолли, юзини ажин қоплаган отахоннинг “Зам-зам сувидан ичгандай бўлдим!” деб бахтдан масрур бўлганини, болакайларнинг, қизалоқларнинг бир-бирига сув сепиб, қийқириб ўйнаб-кулганларини кўрдим.

Ҳа, бу мўйноқликлар, бутун қорақалпоғистонликлар учун тарихий лаҳзалар эди.

Шу йилнинг 15-16 декабрь кунлари Президентимиз яна Қорақалпоғистонда бўлди. Ташриф тафсилотлари билан интернет сайтлари ва телевидение орқали танишиб бордик. Аввалига Нукусни танимай қолдим. Олти ой ичида шунча ўзгариш мумкинми? Алвон рангдаги чироқлар ёғдусидаги тунги Нукус худди эртаклардаги мўъжизалар шаҳрини эслатади.

Бир пайтлар Нукусда ҳам телевизор ишлаб чиқарадиган корхона қурилади, дейишса, мийиғимизда кулиб қўяқолардик: орзуга айб йўқ. Энди эса ҳайратимиз ўн чандон ошиб, кўзу қулоқларимизга ишонмай ўтирибмиз.

“Ташриф якунларига кўра ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, саноатни ривожлантириш борасида умумий қиймати 160 миллиард сўмга яқин 242 лойиҳа бажарилди. Бу қарийб 4 минг иш ўрни яратиш имконини берди. Қораўзак туманидаги “Қорақалпоқ цемент” корхонасида биринчи босқичда йилига 200 минг тонна цемент, Нукус шаҳридаги “Техник глобал” корхонасида “Самсунг” бренди остида йилига 150 минг телевизор, “Нукус полимер” корхонасида йилига 8 минг тонна полиэтилен қувурлар ва хўжалик буюмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Тўрткўл туманидаги “Вегатекс глобал” корхонасида йилига 5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилмоқда”.

Бу бор-йўғи бир йилда қилинаётган ишлар! Яна бир хабарга кўзим тушди:

“2018-2019 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида умумий қиймати 4,5 триллион сўм бўлган 1 минг 300 дан зиёд лойиҳа амалга оширилади ва қарийб 10 минг иш ўрни яратилади.”

Президентимизнинг Чимбой туманидаги 8-мактабгача таълим муассасасига, академик лицейга ташрифини, Тахиатош, Хўжайли туманларидаги ислоҳотлар, ирригация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари билан танишганини, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва фаоллари билан учрашувидаги сўзларини, 2018 йилда Тебинбулоқ конини ўзлаштириб, мамлакатимизда биринчи марта темир рудаси қазиб олишни кўзда тутадиган, қиймати 810 миллион долларга тенг бўлган лойиҳа бажарилиши ҳақидаги хушхабарни, қўйингки, ташриф билан боғлиқ барча тафсилотларни телевизордан ўзгача бир ғурур билан томоша қилдим.

Президентимиз бизнинг тинч-осойишта, фаровон ҳаётимиз, бахту саодатимиз, орзу-истакларимизнинг рўёби учун кунни кун, тунни тун демай меҳнат қилмоқда, халқимизга, айниқса, ёшларга имконият, шароит яратиб, ўзларининг салоҳиятини кўрсатишга даъват этмоқда. Биз-чи? Биз шу юксак ишонч ва эътиборни оқлай олаяпмизми? Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўша олаяпмизми?

Президентимизнинг, халқимизнинг, она Ватанимизнинг, ҳар биримизни тарбиялаб, вояга етказган ота-онамизнинг, бизга умид билан термиладиган фарзандларимизнинг кўзларига тик қарай олишимиз учун тинмай меҳнат қилишимиз, жамиятимиз, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшишимиз шарт!

 

Байрам Айтмуродов, ЎзА