Ўзбекистон Президенти Хитой Давлат кенгаши аъзоси, мудофаа вазирини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 декабрь куни мамлакатимизга ташриф билан келган ХХР Давлат кенгаши аъзоси, мудофаа вазири Чан Ваньцюанни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, турли даражадаги алоқалар фаоллашиб, самарали ҳамкорлик мустаҳкамланаётгани мамлакатларимиз ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари жадал суръатларда изчил ривожланишига хизмат қилаётганини катта мамнуният билан таъкидлади.

Жорий йил май ойида Хитой Халқ Республикасига олий даражадаги ташриф якунида эришилган келишув ва имзоланган шартномаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

rasmiy_0137.jpg

Учрашувда икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Хитой Давлат кенгаши аъзоси, мудофаа вазири Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Чан Ваньцюан Ўзбекистон Қуролли Кучлари салоҳияти ва мудофаа қобилиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолаб, Хитой томони бу соҳада ўзаро манфаатли шерикликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканини билдирди.

 

Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА