Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисидаги масалани муҳокама қилди. 

Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, молия вазири Ж.Қўчқоров маъруза қилди.

Қайд этилганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан маҳаллий бюджетлар мустақиллигини ошириш ва даромад базасини мустаҳкамлаш, қўшимча даромад манбаларини аниқлаш, шунингдек, ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча маблағларни жалб этиш бўйича олиб борилаётган сиёсат самарасида 2017 йилги Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз профицит билан ижро этилиши кутилмоқда.

2018 йилга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишларида солиқ юкини янада қисқартириш ва солиқ ҳамда мажбурий тўловлар миқдорини камайтириш назарда тутилган. Мамлакатимизнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш кўзда тутилган. Жумладан, фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқларини бирлаштириш орқали умумий базавий ставкани 15,5 фоиздан 14,5 фоизгача камайтириш, шунингдек, Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси, Таълим ва ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига ажратмаларни ягона тўловга – давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларга бирлаштириш орқали умумий ставкани 3,5 фоиздан 3,2 фоизгача камайтириш кўзда тутилган. Бу, ўз навбатида, хўжалик юритувчи субъектлар тасарруфида 410 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ қолдириш имконини беради.

Таъкидланганидек, жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ юки даражасини фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган ҳисоб рақамларига ажратмалар миқдорини 1 фоиздан 2 фоизгача ошириш ҳисобига камайтириш кўзда тутилмоқда. Бу фуқаролар жамғармаларини 450 миллиард сўмдан кўпроққа оширади.

Республика бюджети ва маҳаллий бюджетлар ўртасидаги муносабатларнинг янги мехназми жорий этилмоқда. Бу механизм маҳаллий бюджетлар даромад базасини янада мустаҳкамлаш, уларнинг даромадлари бўйича ваколатлари, прогноздан ортиқ тушумлардан олинган даромадлардан фойдаланишда мустақиллигини оширади.

2018 йил ижтимоий ва аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга йўналтирилган харажатлар устуворликлари сақлаб қолинмоқда. Хусусан, ижтимоий соҳани молиялаштиришга 34,7 триллион сўм миқдорида маблағ йўналтирилади.

Давлат бюджетининг соғлиқни сақлаш соҳасига харажатлари 9,6 триллион сўмни ташкил этади. Бу жорий йил кўрсаткичларига нисбатан 31 фоиз кўп демакдир.

Давлат бюджет муассасаларини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш учун бюджет харажатлари 2018 йил 2,5 баробарга кўпайтирилади.

Давлат дастурларини амалга оширишга 8,5 триллион сўм йўналтириш таклиф этилмоқда. Жумладан, 2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш дастури доирасида 815 миллиард сўм маблағ йўналтириш режалаштирилган. Бу 2017 йилдагига нисбатан қарийб 3 баробар кўпдир. Шундан 193 миллиард сўм халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан.

48 та олий таълим муассасасининг моддий-техник базасини ривожлантиришга 559,1 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларга таклифлари чоғида берилган топшириқлар ва Давлат дастурида назарда тутилган вазифаларга асосан 296 тиббиёт муассасасини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларига 753,6 миллиард сўм йўналтирилади.

Сенаторлар ушбу масалани атрофлича муҳокама қилди ва маъқуллади.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА