Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Нукуснинг бош режаси шаҳарни 2035 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инфратузилма ва аҳоли турар-жой шароитини яхшилашга қаратилган кенг кўламли бунёдкорлик лойиҳаларини қамраб олган.

Давлатимиз раҳбари жорий йил январь ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Нукуснинг Ерназар Олакўз кўчасини реконструкция қилиш лойиҳаси билан танишиб, уни янада такомиллаштириш бўйича зарур таклиф ва тавсияларни берган эди.

Режага кўра, ушбу марказий кўча кенгайтирилиб, транспорт ҳаракати учун янада қулайлик яратилади. Йўл бўйида кўп қаватли уйлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилади.

Айни пайтда бу ерда замонавий лойиҳалар асосида 5 қаватли 30 турар жой биноси қуриб битказилмоқда. Имтиёзли ипотека кредити асосида бериладиган ушбу уйларда яшаш учун барча қулайликлар яратилади. Уйлар 2018 йилда фойдаланишга топширилади. Келаси йили ушбу кўчада яна 20 уй қурилади.

Шаҳарнинг Абдамбоев кўчасида ҳам арзонлаштирилган уйлардан иборат турар-жой массиви барпо этилмоқда. Жорий йилда қурилган кўп қаватли 7 уй шу кунларда ўз эгаларига топширилмоқда.

Массивда замонавий маҳалла маркази, хизмат кўрсатиш шохобчалари, гўзаллик салони, мини-банк, болалар ўйин майдончалари барпо этилади, ҳудуд ободонлаштирилади.

Давлатимиз раҳбари аҳолининг арзонлаштирилган уй-жойга қизиқиши ортиб бораётганини инобатга олиб келгуси йилда бу ерда яна 15 кўп қаватли уй қуриш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Шу ерда Президентимизнинг Сергели туманига ташрифи чоғида берган кўрсатмалари асосида кўп қаватли уйларнинг 1-қаватида болалар боғчаси ва оилавий поликлиникани жойлаштириш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа тақдимоти ҳам ўтказилди.

Шавкат Мирзиёев ушбу уйларнинг афзаллигига эътибор қаратди, лойиҳани такомиллаштириш, кўп фарзандли оилалар ва кексаларга қўшимча шароитлар яратиш кераклигини таъкидлади.

Тошкент педиатрия-тиббиёт институти Нукус филиали шифохонасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва реконструкция ишлари, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг янги бош ўқув биносини қуриш, “Dian-plast” масъулияти чекланган жамияти томонидан юмшоқ юк контейнерлари ишлаб чиқариш лойиҳалари билан ҳам танишиб, мутасаддиларга бу борадаги топшириқ ва кўрсатмаларини берди.

 

Матназар Элмуродов, ЎзА