Парламент қуйи палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан 2018 йилги солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳаси муҳокама қилинди.

Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарасида давлат томонидан фуқаролик жамияти институтлари нафақат ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида давлат бюджетидан ажратилган 60 миллиард сўмдан ортиқ маблағ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан фуқаролик жамияти институтларига субсидия, грант ва ижтимоий буюртма шаклида берилди.

2017 йил нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан 12 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлса, 2018 йил мазкур мақсадлар учун 15 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Бу жорий йилга нисбатан 25 фоиз кўп демакдир. Шунингдек, келаси йил фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини молиялаштириш мақсадларига ҳам жорий йилга нисбатан 25 фоиз кўп маблағ ажратилади ва у 640,5 миллиард сўмни ташкил этади.

Молия вазирлигига тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда фуқаролик жамияти институтларига ижтимоий шериклик доирасида моддий ёрдам кўрсатадиган шахсларга солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича имтиёзларни қўллаш механизмини мустаҳкамлаш, кам таъминланган оилаларга нафақа ва моддий ёрдам тайинлашнинг ҳуқуқий асосини янада такомиллаштириш ва бошқа масалалар бўйича таклифлар берилди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА