Кўксарой қароргоҳида Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбековни расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбековнинг тор доирадаги музокаралари бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Шавкат Мирзиёев Сооронбой Жээнбековни Қирғизистон Республикаси Президенти этиб сайлангани билан яна бир бор самимий қутлаб, бугунги музокаралар икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди.

Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, кўплаб масалаларда ҳамфикрлиги, ҳамкорликка муштарак интилиши туфайли Ўзбекистон билан Қирғизистон муносабатлари мустаҳкамланиб, ўзаро алоқалар фаоллашмоқда.

Қирғизистон Президенти сифатида илк хорижий ташрифларингиздан бирини Ўзбекистон заминидан бошлаганингизни юқори баҳолаймиз, деди Президенти Шавкат Мирзиёев. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшнилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришга садоқатингиз ифодаси деб қабул қиламиз.

Сооронбой Жээнбеков Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистонга таклиф этгани учун миннатдорлик билдириб, Қирғизистон халқи номидан чуқур ҳурмат ва эҳтиром изҳор этди.

Сиз мамлакатларимиз ўртасидаги давлат чегарасини чинакам дўстлик, яхши қўшнилик ва шериклик чегарасига айлантирдингиз, деди Қирғизистон Президенти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот маркази хабар қилишича, Президентлар ушбу ташриф савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациялари ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, давлат чегараларини делимитация қилиш борасидаги ишларни якунига етказиш, янги ўтказиш пунктлари очиш ва уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларини муҳокама қилиш учун яхши имконият эканини таъкидладилар.

Эслатиб ўтамиз, Сооранбай Жээнбеков жорий йил октябрь ойида бўлиб сайловда Қирғизистон Республикаси Президенти этиб сайланган эди. Ўзбекистонга ташриф Сооранбай Жээнбековнинг давлат раҳбари сифатидаги хорижга илк расмий ташрифидир.

 

Анвар Самадов, ЎзА