Элдор Шомуродовнинг трансфер нархи яна кўтарилди

Футбол олами Европада очилаётган трансферлар бозорига тайёргарлик кўрмоқда. Чунки, бугунги кунга келиб, ҳар бир қитъадаги жамоаларнинг асосий мақсади “Кўҳна қитъа”нинг кучли бешлигидаги клубларга ўз тарбияланувчиларини жойлашдан иборат.
Ўзимиз ҳам бирор футболчимиз Англия, Испания, Италия, Германия ёки Франция чемпионатларида тўп суришини узоқ йиллардан буён орзу қиламиз. Ҳозирда эса бу имконият фақатгина Россиянинг “Ростов” клуби сафида майдонга тушаётган Элдор Шомуродовда сақланиб турибди.
Германиянинг “transfermarkt” сайти хабарига кўра, Элдор Шомуродовнинг бу йилги трансфер нархи 5,2 миллион еврога баҳоланмоқда. Бироқ бу нарх футболчимизнинг ёрқин ўйинига қараб ошиб бориши мумкин. Аниқроғи Элдор Премьер-лига баҳсларида гол ургани сари трансфер қиймати ҳам кўтарилишда давом этади.
Шу тариқа сурхондарёлик футболчимизни ўз сафига қўшишни ният қилган жамоа “Ростов” клубига камида 5,2 миллион евро тўлаб қўйиши керак бўлади.

 

Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА