Пойтахтимизда бўлиб ўтган сайловчиларнинг, округ, участка сайлов комиссиялари аъзолари ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришнинг долзарб вазифалари, сайлов комиссиялари ишини самарали ташкил этишга бағишланган семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, мутахассислар, округ, сайлов участкалари раислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов, Мирзо Улуғбек тумани сайлов комиссияси раиси, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиғи А.Сафоев ва бошқалар сайловларни ташкил этиш, ўтказиш, жараёнга янги технологияларни жорий этиш борасидаги ишлар халқаро стандартлар асосида амалга оширилганини таъкидлади.

Тарғибот тадбирлари «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари асосида икки йўналишда олиб борилади. Унда сайлов ўтказувчи округ ва участка сайлов комиссиялари раислари ҳамда аъзолари учун семинарлар, мутахассислар иштирокида учрашувлар ташкил этилади. Округлар ва сайлов участкаларида ишни ташкил этишга оид маълумотлар бериб борилади.

Марказий сайлов комиссиясининг халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи участка сайлов комиссиялари ишини ташкил қилиш тўғрисидаги йўриқномаси ишлаб чиқилди. Унда участка сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил этиш, комиссияларнинг ваколатлари, амалга ошириладиган ишлар, хоналарни жиҳозлаш, муддатидан олдин овоз бериш, овоз бериш тартиби каби вазифалар белгиланди.

Семинарда бу борадаги ишларни ташкил этишда эътиборга молик масалалар, амалиётга жорий этилган техник янгиликлар юзасидан тушунтириш берилди. Сайловлар давомида тажриба тартибида ҳуқуқий эксперимент сифатида сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилиб, уларнинг тўлиқ иштироки таъминланиши кутилаётир. Шу боис бу борада фуқаролар ва мутахассисларнинг ҳуқуқий маданиятини янада оширишга оид маълумотлар берилди.

– Мирзо Улуғбек туманидаги 90 сайлов участкасида иш қизғин давом этмоқда, – дейди 3-Оққўрғон сайлов округи раиси Муҳтабар Мараимова. – Сайлов жараёнлари очиқ ва ошкора амалга оширилиши борасида тизимли чора-тадбирлар кўрилаётир. Рўйхатга олинган номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, кузатувчилар, таклиф этиладиган давлат ҳокимияти органлари мутахассислари учун барча шароит яратилмоқда. Семинарда ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.

 

Барно Мелиқулова, ЎзА