Ўзбекистон мусулмонлари идорасида бўлиб ўтган тадбирда Конституциямиз қабул қилинган кунни юртдошларимиз ўзгача фахр билан ёдга олиши, 1992 йил 8 декабрь санаси мустақил Ватанимиз тарихидаги буюк саналардан бири экани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров ва бошқалар Бош қомусимиз ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, халқимизнинг тинч, обод ва фаровон ҳаётини таъминлашда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётганини қайд этди.

Конституциямиз қабул қилинишида Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг беқиёс ҳиссаси бор. Қомусимиз тайёрланиши жараёнида у киши билдирган теран фикрлар муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Бугун юртимизда кенг қамровли халқчил ислоҳотлар кечмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатларнинг асл моҳияти ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг ҳаётдан рози бўлиб яшашига қаратилган. Мамлакатимизда инсон қадр-қиммати ва шаъни юксак даражага кўтарилган.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида меҳнат қилаётган бир гуруҳ ходимларга “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишони тантанали топширилди.

– Мамлакатимизда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолиятига бирдек алоҳида эътибор қаратиб келинади, – деди Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Жасурбек Раупов. – Бу борада Конституциямизнинг мустаҳкам ўрни бор. Ўз навбатида, биз ҳам юртимиз обрўсини мустаҳкамлаш, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраш учун астойдил хизмат қиламиз, бу муборак мақсад йўлидан асло оғишмаймиз.

 

Улуғбек Асроров, ЎзА