Катта ҳаёт йўлларида бир-биримизни қўллаб-қувватлайлик

Ҳайдовчи ён кўзгудан автобуснинг орқа эшиги зиналаридан имиллабгина кўтарилаётган икки йўловчи қизни кўрди. У дугоналарнинг автобусга чиқиб олишини бир муддат кутди. Лекин беихтиёр “Синггилларим, тез-тез юришнинг иложи борми? Одамлар ўқишга, ишга шошаяпти”, деб юборди зардали овозда. Бу ундов жамоат транспортининг олдинги ўриндиқларида ўтирган етти-саккиз йўловчини бараварига ортга қаратди. Дугоналар илдамлаб, салонда кўриниш берди. Уларнинг бири қўлтиқтаёқда эди. Ҳайдовчи қизлардан узр сўрашга чоғланди, ўрнидан турди…

Бугунги кунда пойтахтимиздаги хусусий корхоналардан бирида бош ҳисобчи бўлиб ишлаётган, бошқалардай эркин юра олмаслигидан тушкунликка тушиб, жамиятдан узилиб қолмаган Нодира Тиллаеванинг ўзи билан боғлиқ хотираларини тинглар эканман, хаёлимда мана шундай манзаралар гавдаланди.

…Тошкент шаҳрида UNICEF томонидан 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан «Фаоллаштириш» деб номланган тадбир ташкил этилди. Унда ногиронлиги бўлган инсонлар, уларнинг ота-оналари, тиббиёт соҳаси мутахассислари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.

Тадбирда мамлакатимизда аҳолини кучли ижтимоий муҳофаза қилиш, алоҳида эътиборга муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

– Бошланғич синфда «аълочи» бўлмаганман, – дейди Ўзбекистон Миллий университетининг ижтимоий фанлар факультети катта ўқитувчиси Абдулла Абдухалилов – Кўзим ожизлиги, менга ишонмагани учун бўлса керак, ўша даврда кўпчилик ўқишни тўхтатишимни маслаҳат берган. Менга ўшанда ота-онам чин юракдан ишонди. Ишонч билдирди. Дарслардан четлатиш масаласи кўтарилганда эса онам мактабни аъло баҳоларга тамомлашимга ишончи комил эканини айтиб, мени олиб қолишларини илтимос қилган. Шуни айтишим керак, университетда аъло баҳоларга ўқидим. Фикримча, энг асосийси, фарзандларга ишонч билдириш, уларда ҳар қандай вазиятда ишонч уйғотиш жуда муҳим.

Учрашувда турли ҳаёт тажрибасига эга ногиронлиги бўлган инсонлар болалик чоғларида ўзлари учраган тўсиқларни қандай енгиб ўтганини сўзлаб берди. Мутахассислар ва ота-оналарнинг ногиронлиги бўлган фарзанднинг улғайишида нималарга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида фикрлари тингланди.

 

Икром Аввалбоев, ЎзА