Қорақалпоғистонда Ўзбекистон-АҚШ қўшма корхонаси иш бошлади

Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир туманида Ўзбекистон-АҚШ қўшма корхонаси “Агрокомплекс Қорақалпоғистон” МЧЖ иш бошлади.
Айни пайтда бу ерда Қозоғистон Республикасининг Қарағанди вилоятидан 200 бош наслли моллар боқилмоқда.
Тахтакўпир тумани ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, ўтган йил бошида тумандаги 274 та фермер хўжаликларидан 12 таси чорвачилик билан шуғулланган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 106 тага етган.
“Агрокомплекс Қорақалпоғистон” МЧЖда келгусида наслли қора моллар сонини 1000 бошга етказиш мақсадида 458 гектар экинзор майдонлар ва 1000 гектар яйлов ерлари ажратилган. Молларнинг бош сонини кўпайтириш, аҳолини гўшт, балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш ва уларни қайта ишлаш учун қўшимча бинолар қурилди.
Жамият томонидан Германиядан 100 бош мол, Қозоғистон, Мўғулистон ва Россиядан 100 бош йилқи олиб келиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15-16 декабр кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Тахтакўпир туманини чорвачиликка ихтисослашган туманга айлантириш бўйича топшириқлар белгилаб берилган эди. Шундан келиб чиқиб, “Агрокомплекс Қорақалпоғистон“ МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси томонидан умумий қиймати 20 миллиард сўмга яқин бўлган чорвачилик комплекси ишга туширилди.

 

Е.Қаноатов, ЎзА