Нукусда “Камалак» юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг “Камалак” болалар ташкилоти ташаббуси билан санъатга ошуфта ўқувчи ёшларни излаб топиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётган танлов кўплаб ёш истеъдод эгаларини кашф этишга хизмат қилмоқда.

Танловда 595 иштирокчи мумтоз ва замонавий қўшиқчилик, мусиқа асбоблари ижрочилиги, тасвирий ва амалий санъат, рақс, наср ва назм каби йўналишларда билим ва маҳоратини синовдан ўтказди. Ғолиб бўлган 25 ўқувчи танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Шунингдек, 40 нафарга яқин фаол ўғил-қиз ижоди муносиб баҳоланиб, ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.

Ғолиблар орасида Тахиатош туманидаги 4-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Назира Ўрозбоева ҳам бор. У икки йилдан буён тумандаги “Баркамол авлод” болалар ижодиёт марказининг гиламдўзлик тўгарагида ҳунармандлик сирларини ўрганмоқда.

– Бугун турли ҳудудлардан келган тенгдошларимнинг иши билан танишдим, – дейди Назира. – Бундай тадбирлар биз, ёшларнинг тажриба алмашишимиз, бир-биримиздан ўрганишимизга кўмаклашади. Энди мамлакат босқичида ҳам муаффақиятли иштирок этишга ҳаракат қиламан.

 

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА