Қонун лойиҳаларида тўғридан-тўғри ишлайдиган нормалар ўз аксини топяпти

Муносабат
 
Кейинги йилларда парламентимиз ўз иш фаолиятини тубдан ўзгартирди. Тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни ишлаб чиқишга қатъий киришди. Парламент мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотларда янада фаол иштирок этмоқда.
Айни кунларда оммавий ахборот воситаларида “Президентнинг сиёсий йўли миллий парламентаризм тизими ривожининг асосидир” сарлавҳаси остида чоп этилган мақолада ҳам мамлакатимиз парламентнинг ваколати ва фаолиятини такомиллаштириш йўлидаги ислоҳотлар атрофлича таҳлил қилинган.
Дарҳақиқат, парламентда тўғридан-тўғри амалиётга қўлланадиган қонунларни тайёрлашга жиддий киришилди. Тўғрисини айтганда, кўпчилик парламентнинг тўғридан-тўғри амал қилиш механизмига эга қонунларни ишлаб чиқишига шубҳа билан қараган эди. Парламент бунинг уддасидан чиқди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилган қонун лойиҳалари сони ўрта ҳисобда қарийб 3,5 бараварга ошди. Хусусан, агар 2016 йилда қуйи палата 49 та қонун лойиҳасини кўриб чиққан бўлса, 2018 йилда бу рақам 135 тани, жорий йилда эса 172 тани ташкил этди. Ўтган давр мобайнида палатага киритилган 68 та қонун лойиҳалари қайта ишланиб, 60-85 фоиз ўзгартирилди. Бу эса, Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳаларининг жиддий қайта ишланиб, маромига етказилаётганидан далолатдир.
Шу билан бирга, қонун лойиҳалари сонда эмас, балки ҳажман ҳам ошиб бормоқда. Зеро, парламентда тўғридан-тўғри амал қилувчи, имкон қадар ҳаволалардан ҳоли бўлган қонунлар қабул қилинмоқда. Бу, албатта, аҳоли манфаатларига хизмат қилишда муҳим омил бўлади.
Валишер ДАВЛЯТОВ, Олий Мажлис ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент
тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи.

 

ЎзА