Президентнинг сиёсий йўли миллий парламентаризм тизими ривожининг асосидир

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, кенг кўламли ўзгаришларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган йўлимизнинг асосий устуворликларини белгилаб берди.

Янгиланаётган Ўзбекистон одимлари

Давлатимиз раҳбари тинчлик ва тараққиётимизни, барча ўзгаришларнинг натижаларини Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлаш билан боғлайди. Шу боис маърузада Бош Қомусимизда мустаҳкамлаб берилган принцип —Ўзбекистон фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда ҳам бевосита, ҳам ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлиги тўғрисидаги қоидага алоҳида урғу берилган бўлиб, бу, ўз навбатида, халқ вакиллари зиммасига катта масъулият юклайди. Депутатларнинг халқ вакиллари, деб аталмиш юксак рутбадаги асосий вазифалари ўз электоратининг манфаатларини ҳимоя қилишдан, жойларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг қўш қаноти ҳамда халқ билан мулоқотни амалга оширишда ишончли кўприк бўлишдан иборатдир.

Президентимизнинг нутқи кўпчилик учун ўз ишини яна бир бор қайта кўриб чиқиш, таҳлил қилиш, жорий вазифаларнинг бажарилиш мароми ва сифатини бугунги ва эртанги кун шиддатларига ҳамоҳанг тарзда қайта қуришга катта туртки бўлди. Айни пайтда уларнинг фаолияти халқимиз орзу-умидларига қанчалик мос келишини аниқ белгилаб олиш имконини берди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ваколатлари муддати тугашига ҳам оз фурсат қолди. Парламент қуйи палатаси фаолиятининг сўнгги уч йили Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилган ислоҳотлар йўлини амалга ошириш билан бевосита боғлиқ ҳолда кечди.

Шу ўринда ҳақли саволлар туғилади: сўнгги уч йил ичида мамлакатимиз қонун чиқарувчи олий органининг ўрни ва роли қай даражада ўзгарди, унинг фаолиятида қандай тизимли ўзгаришлар, янгиланишлар рўй берди? Мамлакатимиз парламенти ўз тараққиётининг янги босқичига қандай натижалар билан қадам қўймоқда?

Шавкат Мирзиёевнинг Президентлик ваколатлари мамлакатимиз учун мураккаб геосиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазиятлар мавжуд бўлиб турган бир вақтда бошланди. Кўплаб миллий ва хорижий экспертлар қайд этганидек, мамлакатимиз учун муҳим бўлган ўтиш даврида Ўзбекистонда ҳақиқий бозор механизмларини жорий этишга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизими самарадорлигини оширишга, энг асосийси, том маънодаги халқ демократиясини қарор топтиришга, жамоатчиликнинг, фуқароларнинг шаҳду шижоатини уйғотишга жуда катта эҳтиёж мавжуд эди.

Мамлакатимизнинг йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни чуқур ва ҳар томонлама биладиган, одамларнинг дарду ташвишларини ўз қалбидан ўтказган, узоқни кўра оладиган янги етакчиси миллатимизга ва жаҳонга Ўзбекистонни қайта қуриш ҳамда тараққий эттиришнинг янги сиёсий моделини тақдим этди. Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакат тараққиётининг янги босқичида ижтимоий ҳамжиҳатликка, амалий яратувчанлик ва бунёдкорлик принципларига асосланган миллий ғоя шакллантирилди.

Ўзбекистон Президенти ҳар томонлама мураккаб шароитларда, тобора кўпайиб бораётган таҳдидларга қарши ўз вақтида самарали ечим топишга муваффақ бўлди. Қисқа муддат ичида танлаб олинган йўлимиздаги энг асосий кўзланган мақсадга эришилди — халқимиз ўз Президентига ишонди! Ана шу ишонч билан унинг сиёсий йўлини рўёбга чиқаришда фаол иштирокчига айланди!

Сўнгги уч йилда мамлакатимизда қўлга киритилган барча ютуқларни, эришилган марраларни таҳлил қилар эканмиз, биз комил ишонч билан “Ўзбекистон Президенти танлаган янги сиёсий йўл зафар қозонди”, деб айта оламиз. Биз бугуннинг ўзидаёқ Ўзбекистондаги сиёсий танловнинг, шакллантирилган барқарор, самарали сиёсий тизимнинг қанчалик тўғри эканлигини тўлиқ эътироф этишга ҳақлимиз.

Шуниси диққатга сазоворки, давлатимиз раҳбари ислоҳотларнинг илк давриданоқ мамлакатимиз сиёсий тизимининг бир бўлагини ташкил этувчи ҳокимият вакиллик органлари ишига катта эътибор қаратиб, депутатларни халқнинг ҳақиқий вакиллари, унинг хоҳиш-иродаси ва манфаатларининг том маънодаги ифодачиси сифатида эътироф этган ҳолда, улар билан узлуксиз мулоқотда бўлиб келмоқда.

Чунончи, турли даражадаги депутатлар билан бўлиб ўтган ана шундай мулоқотлар, учрашувларда давлатимиз етакчиси томонидан илгари сурилган Янги сиёсий йўл, уни мамлакатимиз ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий тараққиётининг турли соҳаларида самарали амалга ошириш воситалари батафсил муҳокама қилинди.

Шу ўринда 2017 йилнинг 12 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари вакиллари билан бўлиб ўтган, мамлакатимиз сиёсий ҳаётида ғоят муҳимлиги билан тарихимиз саҳифаларидан ўрин олган учрашувини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиздир.

Ўзбекистон Президентининг мазкур учрашувдаги дастурий маърузасида парламентимиз ва ҳокимият вакиллик органлари учун янги сиёсий йўл белгилаб берилди. Хусусан, халқ билан, халқнинг ўзи танлаган қонуний вакиллари билан мулоқотнинг тубдан янги механизми таклиф этилди.

2017 йилдан эътиборан янги демократик институт — Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаат билан чиқиш институти жорий қилинди. Ушбу теран сиёсий ва юридик мазмун-моҳиятга эга бўлган муҳим институт парламентнинг мамлакат ҳаётидаги роли ва ўрнини чинакамига ошириш, Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги сиёсий йўлидаги муҳим устуворликлар ва вазифалар бўйича ижтимоий ҳамжиҳатликни таъминлаш учун кенг имкониятлар эшигини очди.

Мамлакатимиз Президентининг Олий Мажлисга ҳар йили йўллайдиган ана шу Мурожаатномаларида белгиланган вазифалар миллий парламентимизнинг, бутун депутатлар корпусининг фаолиятини тубдан модернизация қилишнинг асосий негизига айланди.

Ушбу вазифаларга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти соҳасидаги ишлар қисқа муддатда қайта кўриб чиқилиб, сифат жиҳатидан янги шакл ва усуллар жорий этилди.

Биринчидан, жойларда парламент назоратини амалга ошириш, депутатларнинг сайлов округларидаги сайловчилар билан ҳамкорлигининг шакллари ва усуллари, ижро этувчи ҳокимият органларига мавжуд муаммоларни ҳал этишда кўмаклашиш, ҳудудларда таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш механизмлари ўзгартирилди.

Таъкидлаш жоизки, 2017-2018 йилларнинг ўзида республикамизнинг 137 та туман ва шаҳридаги ҳақиқий ҳолат бевосита жойларга чиқиб ўрганилди. Шу аснода кўплаб таҳлилий ва амалий ҳужжатлар тўпланиб, мазкур ҳужжатлар асосида маҳаллий давлат ҳокимияти ҳудудий органларининг фаолияти танқидий жиҳатдан кўриб чиқилди.

Фуқароларни ташвишлантираётган муаммоларни, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни аниқлаш учун хонадонма-хонадон, уйма-уй юрилиб, 400 минг нафардан зиёд фуқаролар ҳамда 14 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти вакиллари билан суҳбатлар ўтказилди. Ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тизимли ишлар йўлга қўйилди.

Иккинчидан, депутатлар корпуси қонун ижодкорлиги фаолиятининг натижадорлиги ошди.

Агар 2016 йил мобайнида депутатлар ташаббуси билан жами 11 та қонун киритилган бўлса, 2017 йил мобайнида бу кўрсаткич 27 тани ташкил этиб, 2,5 баравар ўсди. Кейинги йилларда ҳам шундай ўсиш кузатилди.

Учинчидан, парламент фаолиятининг асосий йўналишлари самарадорлигини оширишни таъминлаш мақсадида унинг янги тузилмавий бўлинмалари ташкил этилди.

Масалан, Олий Мажлис ҳузурида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ташкил қилинди. Ушбу институт фаолияти парламент ишини ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш сифатини оширишга, унинг иши самарадорлигини кучайтириш бўйича янги илғор услубиёт ва технологияларни жорий этиш учун кўмаклашишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Парламент томонидан соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятнинг кўп қирралилиги инобатга олинган ҳолда, Қонунчилик палатасида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари ҳамда Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари ташкил этилди.

Оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича комиссия, шунингдек, Ёшлар масалалари бўйича комиссия ташкил этилиб, улар фаолияти самарали йўлга қўйилди.

Тўртинчидан, ахборот майдонида депутатлар фаолияти сезиларли даражада фаоллашди, жамоатчиликни мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида хабардор этиш борасида уларнинг роли кескин ошди.

Ижтимоий тармоқларда шахсий саҳифалардан фойдаланилиши, Қонунчилик палатаси расмий веб-сайтидаги барча фуқаролар учун очиқ бўлган “депутатнинг виртуал қабулхонаси” хизмати халқ вакилларининг барча сайловчилар билан муносабати сифати ва тезкорлигини, улар фаолиятининг шаффофлиги ҳамда ҳисобдорлиги даражасини жиддий тарзда оширди.

Ҳозирги вақтда айнан депутатлар одамларни безовта қилаётган долзарб масалалар бўйича жамоатчилик билан олиб борилаётган фаол мулоқотнинг ташаббускори бўлмоқда. Қисқа муддат ичида депутатлар ўзларининг кўплаб дадил ва очиқ чиқишлари билан жамиятда обрў-эътибор, ҳурмат қозонишга муваффақ бўлдилар. Парламент томонидан қонунларнинг моҳияти ва аҳамиятини, уларни амалда қўллашнинг ўзига хос хусусиятларини аҳолининг турли қатламларига тушунтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Бешинчидан, парламент назоратини юритишнинг янги шакли — ҳукуматнинг ҳар чораклик ҳисоботини эшитиш депутатлар фаолияти самарадорлигини ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Қабул қилинган қонунларнинг, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий тараққиётимиз бобидаги вазифаларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан сифатли, ўз вақтида бажарилиши борасидаги парламент мониторинги миллий қонунчилигимизни, парламентнинг назорат фаолиятини ривожлантиришнинг истиқболли режаларини шакллантириш негизига, жамиятда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашнинг муҳим омилига айланди.

Мамлакатимиз парламенти фаолиятини модернизация қилишнинг мана шу ва бошқа чора-тадбирлари Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишдаги унинг ролини сезиларли даражада кучайтирди. Олий Мажлис депутатларининг мазкур ҳужжатда белгиланган вазифаларни амалга оширишдаги фаол иштироки парламентга халқ хоҳиш-иродасининг тўла ҳуқуқли ифодачиси сифатида сайловчиларнинг ўзи муаллиф ва ғоявий ташаббускор бўлган муҳим лойиҳаларни илгари суриш ҳамда рўёбга чиқариш имконини бермоқда.

Шу асосда парламентимиз, маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари Президентнинг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган шиорини амалга татбиқ этмоқда. Бу шиор миллий қонунчилигимизнинг бутун тизимини модернизациялаш жараёнида тўлиқ ўз ифодасини топмоқда. Кейинги уч йил ичида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда давлат аппарати ишининг халқ олдида ҳисоб бериш, одамларни қийнаётган, ташвишлантираётган муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратиш каби устуворликлари бевосита ўз ифодасини топган.

Миллий қонунчилигимиз тизимини инсонпарварлик ғоялари билан уйғунлаштириш, оддий одамларнинг манфаатларини давлат органларининг идоравий манфаатларидан устун қўйиш, давлат аппаратини аҳоли, фуқаролик жамияти институтлари билан амалий мулоқотнинг фаол субъектига айлантириш борасидаги ташаббуслар айнан Ўзбекистон Президенти сиёсий иродасининг маҳсулидир.

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг юридик таҳлили ушбу ҳужжатларда нафақат қоидаларни юридик баён этиш услуби, балки норматив ташаббусларни шакллантириш принциплари ҳам тубдан ўзгарганлигини кўрсатмоқда. Экспертлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармон ва қарорларининг тили замонавий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг энг илғор намунаси эканлигини таъкидламоқда. Барча қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар оддий фуқарога тушунарли тарзда аниқ, равон ёзилган бўлиб, уларда илгари сурилаётган барча мақсад-вазифалар яққол кўрсатиб берилган, белгиланган ҳар бир муаммонинг ечими бажарилиши талаб этиладиган тегишли чора-тадбирлар мажмуи билан мустаҳкамлаб қўйилган.

Бундай ёндашувларни Ўзбекистон Республикаси қонунларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида ҳам кузатишимиз мумкин. Шу боис кейинги вақтларда қабул қилинаётган қонунларнинг сифати кескин ошди. Бунда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари ишини йўлга қўйишнинг янги усуллари жорий этилиши, тартибга солувчи қоидалар таъсирчанлиги, самарадорлигини баҳолаш юзасидан комплекс тадбирларнинг амалга оширилиши, экспертлар ва жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларини тўлиқ ҳисобга олиш тизими шакллантирилгани муҳим омил бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг Янги сиёсий йўли нафақат қонун ижодкорлигига, балки депутатлик фаолиятига ҳам янгича мазмун-моҳият бахш этди. Депутатларнинг ўз сайлов округларидаги фаолияти шакл-шамойилини ўзгартириш, уларнинг сайловчилар билан доимий мулоқот ўрнатиш механизмларини такомиллаштириш борасида айнан Президентимиз томонидан илгари сурилиб, амалга оширилган ташаббуслар парламентимизга юртдошларимизни ташвишлантираётган муаммоларни чуқур ўрганиш, халқ ва давлат институтлари ўртасида кўприк бўлиш, сайловчиларнинг манфаатларини тўлароқ ифодалаш имконини берди.

Депутатларнинг ҳар ой ўн кун давомида бевосита сайлов округларида ишлаши натижасида халқ ноиблари ўз сайловчиларининг эҳтиёжлари ва муаммолари тўғрисида ахборот олишини таъминловчи барқарор механизм шаклланди. Шунингдек, икки томонлама ҳисобдорлик тизими яратилди.

Жойларда амалга оширилган фаолият доирасида тегишли ҳудудлардаги тадбиркорлик субъектларига жиддий, ташкилий-техник ёрдам кўрсатилди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг иши ҳам янги мазмун-моҳият билан бойиди. Парламент аъзолари бу Кенгашларнинг ишида доимий асосда иштирок эта бошладилар. Маҳаллий ва республика даражасидаги депутатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан узоқ йиллар давомида ўз ечимини топмай келаётган кўплаб масалалар тезкор равишда ҳал этилмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мамлакатимиз раҳбарининг давлат ҳокимияти турли тармоқларининг ўзаро бир-бирини тийиб туриш ҳамда мувозанатини сақлаш механизмлари тизимида парламентнинг ролини оширишга қаратилган ташаббуслари алоҳида эътибор ва эътирофга лойиқдир. Натижада Олий Мажлиснинг фаолиятига ҳукумат иши устидан парламент назоратининг муҳим тури — мунтазам равишда ўтказиладиган “ҳукумат соати” жорий этилди.

Ҳукумат аъзоларининг номзодларини тасдиқлаш борасида мамлакатимиз Президенти томонидан илгари сурилган тажриба Олий Мажлиснинг назорат қилиш ваколатларини кенгайтириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Ҳисобдорликнинг бундай шаклларини жорий этиш ҳукуматнинг очиқлигини ва масъулиятини, фуқароларнинг давлат институтлари фаолиятидан хабардорлик даражасини тубдан оширди.

Парламент ўзининг барча саъй-ҳаракати ва имкониятини ишга солиб, миллий иқтисодиётимиз ва жамиятимиз ҳаёти учун энг муҳим бўлган кўплаб тадбирларда фаол иштирок этмоқда. Депутатларнинг қишлоқ хўжалиги сектори самарадорлигини ошириш, хусусан, сувни тежаш тизимини жорий этиш, бўш турган кўчмас мулк объектларидан фойдаланишни мақбуллаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш борасида ҳамда бошқа ишларда фаол иштирок этгани яхши самара берди.

Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида парламент Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган, очиқ, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи ҳамкорликка қаратилган, Ватанимиз миллий манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда илгари суришга асосланган ташқи сиёсий йўлнинг фаол иштирокчисига айланди.

Мамлакатимиз парламенти самарали халқаро алоқалар сиёсатини амалга ошира бориб, қисқа муддат ичида кўплаб нуфузли парламентлараро бирлашмаларнинг фаол иштирокчисига айланди. Парламентлараро Иттифоқ, МДҲга аъзо мамлакатларнинг Парламентлараро Ассамблеяси шулар жумласидан бўлиб, Ўзбекистон парламенти аъзолари мазкур ташкилотлар раҳбарлик тузилмаларидаги юқори лавозимларга тайинландилар. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси 2017 йилдан эътиборан ўзининг ЕХҲТ Парламентлараро Ассамблеясидаги иштирокини қайта тиклади.

Парламентимиз ташқи сиёсат борасида белгилаб берилган устувор йўналишлар — Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, дунёнинг етакчи давлатлари, халқаро ташкилотлар билан стратегик шерикликнинг кўп қиррали тизимини шакллантириш, республикамиз ҳудудидан ташқаридаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишни таъминлаш соҳаларида фаол иштирок этмоқда.

Ҳозирги вақтда Олий Мажлис халқаро алоқаларининг кенг кўламли дастури мамлакатимиз ташқи сиёсий йўлининг муҳим таркибий қисми бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳам икки томонлама шартномалар йўналиши бўйича, ҳам халқаро парламентлар тузилмалари фаолияти доирасида дадил илгари суриш имконини бермоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган маърузасида белгилаб берилган устувор вазифалар парламентимиз олдига янги масъулият юклади.

Давлатимиз раҳбари қонун ижодкорлиги фаолиятини ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш, мамлакатимизда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш соҳасидаги ўзаро чамбарчас боғлиқ комплекс вазифаларни белгилаб берди.

Маърузада ўз аксини топган муҳим ғоя шундан иборатки, давлатнинг ҳуқуқ соҳасидаги сиёсати тизимлиликка, давлат ва жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ҳаётида кечаётган ҳақиқий жараёнларни чуқур англашга асосланиши лозим.

Давлатимиз раҳбари қабул қилинаётган қонунлар амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг бўлгандагина ишлашини таъкидлагани бежиз эмас.

Ваҳоланки, бу парламентимиз, энг аввало, унинг қуйи палатаси келгуси даврда ҳал этиши керак бўлган муҳим вазифалардан биридир. Сир эмаски, бугун фаолиятнинг бир соҳасида қабул қилинаётган қонунлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг бошқа жабҳасида чиқарилаётган қонун ҳужжатларига ҳар доим ҳам мос келавермайди. Бундан ташқари, қонунларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларга самарали таъсирини баҳолашнинг таъсирчан тизимини яратиш борасида ҳам кўп ишлар амалга оширилиши керак.

Қонунлар нафақат тизимли асосда қабул қилиниши, балки худди шундай ижро этилиши зарурлиги ҳам Президентимиз томонидан алоҳида қайд этилди. Шу сабабли, қабул қилинаётган қонунларни аҳоли кенг қатламларига етказиш, уларнинг ижроси ва қўлланилиши устидан қатъий парламент назоратини амалга оширишга жиддий эътибор қаратиш талаб этилади.

Эндиликда фуқароларнинг, бутун жамиятнинг ҳуқуқий билими ва маданиятини юксалтириш юзасидан депутатлар корпусининг ишини сезиларли даражада кучайтириш зарур, чунки бусиз жамиятда қонун устуворлигини, изчил демократик ислоҳотлар амалга оширилишини таъминлаш мушкул.

Маърузада таъкидланганидек, Конституция ва қонунларга ҳурмат, ҳуқуқий онг ва маданият ҳар бир фуқаро учун ҳаётий қоидага, ҳар бир мансабдор шахс фаолиятини баҳолаш мезонига айланиши керак.

Мамлакатимиз Президенти томонидан қўйилган мана шу ва бошқа қатор мақсадли вазифаларни адо этиш, давлатнинг бутун ҳуқуқий тизими таъсирчанлигини таъминлаш бўйича белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишда Конституциямизнинг нормалари, энг аввало, унинг асосий принциплари ва қоидалари фундаментал база, муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилиши зарур.

Президентимиз мамлакатимиз қонунчилигида, ҳуқуқни қўллаш амалиётида халқ ҳокимиятчилиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлиги, мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги, виждон ва диний эътиқод эркинлиги каби принциплар ўта муҳимлигини таъкидлаб, уларни амалга ошириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни белгилаб берди.

Шу муносабат билан парламент келгусида жиноятга оид сиёсатни янада инсонпарварлаштириш, давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида жиноят судлов ишларини юритишда қонунийликни таъминлаш, хусусан, адвокатура институтининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ролини оширишга қаратилган қонун ҳужжатларини тайёрлаш ишларида бевосита иштирок этиши лозим бўлади.

Маърузада Инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги миллий стратегияни, Адвокатура институтини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифалари илгари сурилди.

Таълим соҳасида ва умуман, жамиятда ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш дастури энг муҳим ҳужжатлардан бири бўлишига эътибор қаратилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг сўзсиз ижро этилиши устидан таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини ҳамда бошқа кенг кўламли ишларни амалга оширишга қаратилган вазифалар белгилаб берилди.

Ишончимиз комилки, халқ сайлаган вакиллар орқали фуқаролар манфаатларини ифодаловчи ҳақиқий демократик орган сифатида шаклланган, давлат ҳокимияти органлари тизимида муносиб ўрин эгаллаган, мамлакатда амалга оширилаётган улкан ва кенг кўламли ислоҳотларга жалб этилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси келгусида ҳам давлатимиз раҳбарининг халқимиз фаровонлиги, беқиёс Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига қаратилган Янги сиёсий йўлининг фаол иштирокчиси ва давомчиси бўлиб қолади.

Нурдинжон ИСМОИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери

 

ЎзА