Абу Али ибн Сино илмий ва маданий меросининг аҳамияти ҳамда унинг илм-фан тараққиётига таъсири

Бухорода “Абу Али ибн Сино илмий ва маданий меросининг аҳамияти ҳамда унинг илм-фан тараққиётига таъсири” мавзусида IХ Халқаро Ибн Сино ўқишлари илмий-амалий анжумани ўтказилди.

Ибн Сино жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика Фанлар академияси, Бухоро вилояти ҳокимлиги ва Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда АҚШ, Буюк Британия, Франция, Исроил, Ҳиндистон, Япония, Россия, Туркия ва Қозоғистондан таниқли олимлар иштирок этди.

5.JPG

Анжуман жаҳонда Авиценна номи билан машҳур бўлган буюк аждодимизнинг кўп қиррали илмий-маданий меросини ўрганиш, унинг таълимотидаги турли йўналишларга оид маърузаларни муҳокама қилиш, халқаро тажриба алмашиш, хорижий илмий-тадқиқот институтлари мутахассислари, олимлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда қомусий олимнинг тиббиёт билан бирга фалсафа, кимё, математика, мантиқ, физика, мусиқа, геология, жуғрофия, астрономия, шеърият каби соҳалардаги самарали фаолияти Микеланжело, Леонардо да Винчи, Фрэнсис Бэкон ва бошқа дунё тан олган буюк даҳолар ижодига улкан таъсир кўрсатгани таъкидланди.

16.jpg

Тарихий манбаларда қайд этилишича, Абу Али ибн Сино 450 дан зиёд асар ёзган. Афсуски, уларнинг 242 таси бизгача етиб келган, холос. Энг машҳур асари тиббиётнинг ҳозирги замон ибораси билан айтганда, қомуси сифатида эътироф этилган “Тиб қонунлари” ҳисобланади. Касалликнинг келиб чиқиши, аломатлари, даволаш усуллари, оддий дорилар тайёрлаш, доришунослик, саломатликни асрашда соғлом турмуш тарзи тамойиллари ва бошқа жиҳатлар муфассал ёртилган бу китоб Европанинг турли тилларига таржима қилиниб, қайта-қайта нашр этилган. Қарийб беш аср давомида қитъанинг тиббиёт ўқув юртларида дарслик сифатида ўқитилгани ҳам унинг ноёблигидан далолат.

Анжуманда Абу Али ибн Синонинг тиббиёт, халқ табобати, доришунослик ривожидаги ўрни, унинг аниқ ва табиий, ижтимоий-гуманитар фанлар равнақига қўшган беқиёс ҳиссаси, соғлом турмуш тарзига оид қарашлари, алломанинг илмий меросида маърифат ва маданият тамойилларига бағишланган маърузалар тингланди.

18.jpg

– Абу Али ибн Сино илмий меросига мамлакатимизда ҳам қизиқиш катта, – дейди Туркиядаги Бахчешеҳир университети профессори Кечкинбара Қодиржон. – Туркияда алломанинг асарлари ва уларга оид янги илмий нашрлар деярли ҳар йили чоп этилади. Уларнинг айрим намуналарини Бухоро давлат тиббиёт институтига туҳфа қилдик. Анжуманда таъкидланганидек, буюк аждодингиз илмий мероси шу қадар улкан уммонки, уни ўрганган сайин янги-янги жавоҳирлар топаверасиз. Мазкур анжуман Ибн Синонинг бой меросини ўрганишда дунё олимлари ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Абу Али ибн Сино илмий меросида фалсафага тегишли асарлар алоҳида ўрин эгаллайди. Унинг фалсафий қарашлари шаклланишида Арасту ва Форобийнинг таъсири катта. Лекин Ибн Сино фалсафада ўзига хос мактаб яратган бетакрор мутафаккир эканини бутун жаҳон кенг эътироф этган. Анжуманда ҳам бу фикр алоҳида таъкидланди.

– Ислом таълимотига асосланган Ибн Сино фалсафаси мероси умуминсоний аҳамиятга эга, – дейди Исроилдаги “Авиценна” фонди раиси, профессор Михаил Сач. – У ўзидан кейинги нафақат ислом, балки яҳудий ва насроний фалсафий тафаккурига ҳам катта таъсир кўрсатди. Бундай ўлмас таълимот давр чегарасини билмайди. Демак, у барча замонларда эзгуликка, илм-фан тараққиётига, дунёни англашга хизмат қилаверади.

Ибн Сино меросини ўрганиш ва тарғиб қилишда Ибн Сино жамоат фондининг фаолияти муҳим аҳамият касб этаётир.

– Кейинги йилларда турли хорижий тузилмалар билан ҳамкорликни кенгайтирмоқдамиз, – дейди Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси Н.Маҳмудов. – Айниқса, Франциядаги “Авиценна” ассоциацияси ва Исроилдаги “Авиценна” фонди иштирокида буюк аждодимизнинг нафақат турли соҳалардаги илмий меросини ўрганиш, тарғиб қилиш, балки хорижда бу борадаги тажрибани оммалаштиришда самарали ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда. Конференцияда жамоат фонди қошида Ибн Сино меросини ўрганиш бўйича халқаро ишчи гуруҳи ташкил этиш ҳақидаги ташаббусимиз хорижлик олимлар томонидан қўллаб-қувватланди. Айни пайтда халқаро ҳамкорларимиз билан тиббиёт соҳасини ислоҳ қилишда хорижда эришилган энг яхши ютуқ ва тажрибаларни ўрганиш ҳамда миллий тажрибамиз билан уйғунлаштирган ҳолда, уни татбиқ этиш бўйича музокаралар олиб бораётирмиз.

Анжуманда буюк мутафаккир илмий меросини тарғиб қилиш, унинг тавсияларини амалда татбиқ этган бир гуруҳ олим ва ташкилотларга ўтган йили Францияда таъсис этилган Ибн Сино халқаро мукофоти топширилди.

Анжуман доирасида мамлакатимиз ва хорижлик олимлар томонидан Бухоро давлат тиббиёт институти талабалари учун маҳорат дарслари ўтказилди. Ибн Сино жамоат фонди билан мазкур олий ўқув юрти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Тошкент давлат шаркшунослик институтида хорижий олимларнинг маърузалари тингланди.

Анжуман иштирокчилари Абу Али ибн Сино туғилган Афшона қишлоғида бўлиб, унинг ҳайкали пойига гул қўйди ва аллома ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилувчи музей билан танишди.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

 

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА