Талабалар учун Миллий ахборот-илмий маркази ташкил этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим тизими педагог ва раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш Бош илмий-методик марказида Талабалар учун Миллий ахборот-илмий марказини ташкил этиш бўйича янги лойиҳаси юзасидан ҳафталик илмий-амалий семинар ўтказилди.

Ушбу марказ концепциясини ишлаб чиқиш ва ташкил этиш учун Тошкентдаги Британия Кенгаши таклифига биноан ташриф буюрган Лондон Метрополитан университети Ҳамкорлик бўлими бошлиғи Кристофер Лейн лойиҳа ишчи гуруҳи билан биргаликда талабалар учун энг яхши жаҳон ва миллий амалиёт марказлари тажрибасини ўрганиб иш олиб борди.

Талабалар учун ташкил этиладиган бу марказ мамлакатимиз ёшлари учун янги имкониятлар яратиши кўзда тутилган. Марказ дастурини профессионал даражада тузиш, унинг архитектура қиёфаси ҳам замонавий ва янгича кўринишда бўлиши учун турли ташкилот ва муассасалардан мутахассислар, хусусан, университетлар ректорлари, проректорлар, кафедра мудирлари, социолог, психолог, АКТ мутахассислари, кутубхоначи ва талабалар жалб қилинган.