Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда “Ўзбекистон” темир йўл чегара божхона постида навбатдаги божхона қоидабузарлигини аниқлади.

Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи Б.Мамаримов номига Хитойдан жўнатилган иккита юк контейнерида йўл-юк кузатув ҳужжатларига кўра аслида салкам 50 тоннадан ортиқ қурилиш моллари ва авто эҳтиёт қисмлари бўлиши лозим эди.

Аммо, ушбу контейнерлар ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда контейнерлардан бирига йўл-юк кузатув ҳужжатларида қайд этилмаган 24 турдаги кийим-кечаклар ортилгани маълум бўлди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, уларнинг тахминий қиймати 2 млрд. 230 млн. сўмни ташкил этади.

Иккинчи контейнерда ҳам худди шундай ҳолат кузатилди. Тегишли ҳужжатларда қайд этмасдан туриб, уддабуронлар қиймати 203 млн. сўмдан ортиқ бўлган кийим-кечаклар ва турли қурилиш молларини божхона назоратидан четлаб олиб киришга уринишган.

Таҳлилларга кўра, шу йўл билан қонунбузарлар 786 млн. сўмдан ортиқ божхона тўловларини тўлашдан қочишга уринишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми “а” бандига мувофиқ жиноят иши қўзғатилди.

Унга кўра, жуда кўп миқдордаги товарларни бошқа ном билан декларациялаб, Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиш энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 3,6 мингга яқин божхона қоидабузарликлари натижасида қиймати 20 млрд. сўмдан ортиқ бўлган товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган. Мазкур ҳолатларнинг 73 таси бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.