​Ўзбекистон – Туркманистон: Кўп асрлик дўстлик ва маданий алоқаларнинг янги босқичи​

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 28 ноябрь куни амалий ташриф билан мамлакатимизга келди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.
Қардош ўзбек ва туркман халқларининг тарихи, маданияти бир, тили ва урф-одатлари ўхшаш. Бу яқинлик мамлакатларимиз ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорликка асос бўлмоқда.
Алоҳида таъкидлаш керакки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатида илк хорижий ташрифи 2017 йил 6-7 март кунлари Туркманистонга бўлган эди. Бу бежиз эмас. Мазкур ташриф Ўзбекистон ташқи сиёсатида яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида аҳамият қаратишининг ёрқин далилидир. Ўша музокараларнинг асосий натижаси ўлароқ, Ўзбекистон ва Туркманистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга – стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
2018 йил апрелда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди. Ўша йили август ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари мажлисида, жорий йил октябрда эса Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммитида иштирок этиш учун Туркманистонда бўлди.
Бундан ташқари, ҳукуматлар, вазирликлар даражасида ҳам кўплаб учрашувлар ўтказилмоқда.
Туркманистон Президентининг бу галги ташрифи давлат раҳбарлари дўстлигининг яна бир ифодаси, 29 ноябрь куни пойтахтимизда ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви олдидан самимий мулоқотдир.
Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга амалий ташрифи Кўксарой қароргоҳида давлат раҳбарларининг учрашуви билан бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини кўриб чиқдилар ва уларни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик даражасига кўтарилган кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Музокаралар чоғида амалий ҳамкорлик масалаларига, жумладан, ўзаро савдони кенгайтириш, машинасозлик, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари Тошкентда ўтказиладиган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви минтақада дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши хусусида якдил фикр билдирдилар.
Туркманистон минтақадаги асосий савдо шерикларимиздан бири. Ўзбекистондан Туркманистонга қишлоқ хўжалиги техникаси, мева-сабзавотлар, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, кимё ва тўқимачилик маҳсулотлари, турли соҳадаги хизматлар экспорт қилинади. Туркманистондан юртимизга нефть ва нефть маҳсулотлари, механик ускуналар, пропилен полимерлари, бошқа кимёвий товарлар келтирилади.
Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми муттасил ошмоқда. Жумладан, 2018 йилда 302 миллион доллардан ошган бўлса, 2019 йил январь-октябрь ойларида бу кўрсаткич 429 миллион долларни ташкил этди.
Ўзбекистон – Туркманистон ҳамкорлигининг устувор йўналишларидан яна бири транспорт соҳасидир. Икки мамлакатнинг автомобиль ва темир йўллари орқали ўзаро савдо юклари ташилмоқда, учинчи давлатлар учун ҳам транзит қилинмоқда. Хусусан, 2018 йилда темир йўл орқали халқаро юк ташиш ҳажми 23,7 фоиз ошган эди. Жорий йилнинг 9 ойида бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан яна 37 фоизга ўсди. Автомобиль орқали ташишда ҳам ижобий суръатларни кўриш мумкин. 2018 йилда бу борада 3,5 марта ошиш кузатилган эди. Жорий йилнинг 9 ойида бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,8 марта ўсди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда. Ўзбекистон ва Туркманистон вакиллари икки мамлакатда ташкил этилаётган маданият кунлари тадбирлари, турли концертлар, фестиваллар ва танловлар, спорт мусобақаларида фаол иштирок этмоқда.
2017 йил май ойида Тошкентда Махтумқули номидаги кўча ва унга бағишланган меъморий ёдгорлик очилган эди. 2018 йил апрель ойида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг мамлакатимизга ташрифи шарафига пойтахтимизда “Ашхобод” сайилгоҳи, Хоразм вилоятида «Ўзбек – туркман» дўстлик уйи ва «Улли ҳовли» мажмуаси очилгани халқларимиз дўстлиги, аҳиллиги ва маданий яқинлигининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Жорий йилда Самарқандда ўтказилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ва Қўқон шаҳрида ўтган Халқаро ҳунармандчилик фестивалида Туркманистон делегацияси муносиб иштирок этди.
Учрашувда ҳудудлар ўртасида, шунингдек, маданий-гуманитар соҳада фаол алоқаларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Президентлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.
Музокаралардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон раҳбарининг китоблари – илмий асарлари кўргазмаси билан танишди.
Ушбу китоблар мамлакатимиз илмий-академик доиралари ва ижодий жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотганини таъкидлаш лозим. Мазкур ташриф арафасида Гурбангули Бердимуҳамедовнинг қатор китоблари – “Бахтли ҳаёт соғлиқдан бошланар”, “Маданият – халқнинг бебаҳо хазинаси”, “Барҳаёт афсона”, “Чой – шифо ва руҳий қувват манбаи” номли китоблари ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилган эди. Уларда муаллифнинг саломатлик, туркман халқи маданияти ва урф-одатлари, туркман гиламчилиги, чой ичиш анъаналари ҳақидаги фикрлари, иқтибослари жамланган, мавзуга оид фотосуратлар билан бойитилган.
Давлатимиз раҳбари Туркманистон Президентига мамлакатимизда чоп этилган Гурбангули Бердимуҳамедов китобларининг илк нусхаларини совға қилди.
Шундан сўнг Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Фанлар академиясининг Фахрий академиги унвонини беришга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз Фанлар академияси ушбу қарорни Туркманистон Президенти халқаро илмий доираларда кенг танилган ва эътироф этилган олим, замонавий тиббиёт, фармакология, иқтисодиёт, архитектура ва фаннинг бошқа соҳаларини ривожлантириш ҳамда Марказий Осиёнинг бой табиатини ўрганишга бағишланган қатор илмий қомусий асарлар муаллифи эканини инобатга олган ҳолда қабул қилди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу қарор Туркманистон Президентининг илм-фан соҳаларини ривожлантириш, қардош ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашдаги хизматларига улкан ҳурмат ифодаси эканини таъкидлади.
Туркманистон Президентининг аждодлар маънавий мероси ва фундаментал илмий изланишларга асосланган кўп сонли илмий асарлари бугунги фан, маданият ва санъат ривожига муносиб ҳисса қўшди.
Давлатимиз раҳбари кейинги йиллар кўп асрлик алоқалар тарихида алоҳида аҳамиятга эга бўлгани ва бугунги кунда Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома асосида тобора ривожланаётганини қайд этди. Бу ўзаро савдо ҳажмининг сезиларли ошгани, саноат кооперацияси ва ҳудудлараро ҳамкорлик кучайиб бораётгани, маданий-гуманитар алоқалар фаоллашганида намоён бўлмоқда.
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, ўз навбатида, Президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон Фанлар академиясига кўрсатилган юксак эътибор учун чуқур миннатдорлик билдирди, бу Туркманистонга ҳурмат-эҳтиром ифодаси, мамлакатнинг фан ва таълим соҳаларидаги ютуқлари эътирофи, халқларимиз ўртасидаги дўстлик мустаҳкамлигидан далолат эканини таъкидлади.
Туркманистон раҳбари кўп асрлик тарихий-маданий алоқалар боғлаб турган мамлакатларимизнинг яхши қўшничиликка асосланган ҳамкорлиги ўзаро манфаатларга ҳам, бутун минтақа фаровонлиги йўлидаги мақсадларга ҳам мос эканини қайд этди.
Гурбангули Бердимуҳамедов Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлатларимиз ўртасидаги кўп қиррали шерикликни мустаҳкамлаш, унга янги суръат бағишлашга қўшган шахсий ҳиссасини юксак баҳолади. Ўзбекистон раҳбари билан мунтазам ва самарали учрашувлар доимо дўстона ва ишонч руҳида ўтаётгани ва аниқ келишувларга эришишга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Буларнинг барчаси Ўзбекистон ва Туркманистон давлатлараро конструктив сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш борасида қатъий эканини тасдиқлайди.
Тадбирда илм-фан ва маданият намояндалари, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган туркман миллати вакиллари сўзга чиқиб, Туркманистон Президентини юксак унвон билан табриклади.
Маросимда икки мамлакатнинг расмий делегациялари аъзолари, академик доиралари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

 

ЎзА