Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Гўзал Исматова: Мақсадим – жаҳон ва олимпиада чемпиони бўлиш

Гўзал жорий йилнинг 2-8 ноябрь кунлари Вьетнамнинг Хошимин шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. 

Мамлакатимизда спортни янада ривожлантиришга қаратилаётган эътибор самарасида замонавий спорт мажмуалари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фойдаланишга топширилаётир, ўғил-қизларимиз соғлом ва баркамол бўлиб камол топиб, нуфузли мусобақаларда юқори натижаларга эришмоқда.

Ана шундай спортчилардан бири – Гўзал Исматовадир. У 1996 йил Жиззах вилояти, Зомин туманида туғилган. Ўн беш ёшидан тажрибали мураббий Ғайрат Каримовдан бокс сирларини ўрганиб келмоқда.

– Гўзални илк маротаба кўрганимда Жиззах олимпия захиралари коллежининг иккинчи курсида ўқиб, спортнинг баскетбол тури билан мунтазам шуғулланар эди, – дейди мураббий Ғ.Каримов. – Унинг бўй-басти, чаққонлиги ва интилишини кўриб, ундан яхши боксчи чиқишига амин бўлдик. Шундан сўнг уни машғулотларга таклиф қилдик.

Ўзига бўлган ишончнинг кучлилиги, аниқ мақсад сари қатъий интилиши туфайли Гўзал қисқа муддатда вилоятнинг бокс бўйича моҳир спортчилари қаторидан ўрин олди. У машғулотларда тобланди. Илк муваффақиятига 2013 йил Андижонда ўтган «Олтин водий» халқаро турнирида эришди. Финалга қадар барча рақибларини мағлубиятга учратиб, кумуш медални қўлга киритди ва Ўзбекистон терма жамоаси аъзолигига қабул қилинди. Бугунга қадар олти марта мамлакат чемпионати ва бир марта Ўзбекистон кубоги мусобақасида ғалаба қозонди.

Истеъдодли боксчимиз 2015 йил Хитойда ўтказилган Осиё чемпионатида шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой эгаллади.

– Ўшанда биринчи маротаба халқаро мусобақада қатнашгандим, – дейди Гўзал. – Осиё чемпионатининг ярим финал жангида қозоғистонлик Лаззат Кунгенбаевани техник нокаутга учратдим. Афсуски, финалда хитойлик Ванг Шижин билан ўтган баҳсда бироз тажрибасизлигим панд берди. Мен ўз олдимга кейинги сафар албатта олтин медални қўлга киритаман, деб мақсад қўйгандим.

Вьетнамда ўтказилган бу йилги қитъа чемпионатида у ўз мақсадига эришди. Лочин Қўчқоров бошчилигидаги терма жамоа сафида нуфузли мусобақанинг олтин медалига сазовор бўлди. 81 килограммдан оғир вазн тоифасидаги чарм қўлқоп усталари ўртасидаги баҳсларда ҳиндистонлик Сима Пуния ва мезбон боксчи Ти Тран Ни устидан ғалаба қозониб, Осиё чемпиони бўлди. Ғолиб спортчимиз шарафига Ватанимиз байроғи кўтарилиб, давлатимиз мадҳияси янгради.

– Мақсадим – жаҳон ва Олимпиада чемпиони бўлиш, – дейди Гўзал. – Бунинг учун мамлакатимизда биз, спортчиларга барча шароит яратилган. Бор куч-ғайратимни ана шу мақсад сари йўналтиришга ҳаракат қиламан.

Гўзал ҳозирда Жиззах давлат педагогика институти жисмоний тарбия ва жисмоний маданият факультетининг 4-курс талабаси. Унинг ютуқлари билан бугун миллионлаб спорт мухлислари ғурурланмоқда.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА