Нукусда халқаро инвестиция форуми

Нукусда халқаро инвестиция форуми

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида “International Investment Forum Karakalpakstan” халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди.
Икки кун давом этган форумда Жанубий Корея, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Саудия Арабистони, Покистон, Афғонистон, Қозоғистон, Озарбайжон каби ўндан ортиқ давлатлардан халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда ишбилармонлар иштирок этди.
Форумнинг тантанали очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Э.Ғаниев хорижий инвесторларни мамлакатимизга ташрифи билан қутлаб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизга хорижий инвесторларни жалб қилиш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш, жаҳон бозори талабларига мос маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталди.
photo5375357661110971717.jpg
photo5375357661110971718.jpg
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизга, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасига чет эл инвестицияларини жалб қилиш орқали ҳудудда ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш, Оролбўйи ҳудудидаги экологик вазиятни яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2018 йилнинг 24 август куни Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлисида давлатимиз раҳбари Оролбўйи ҳудудини Экологик инновация ва технологиялар зонаси, деб эълон қилишни таклиф этди. Ушбу таклифнинг амалдаги ижроси сифатида ўтган йилнинг 15-16 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида “Янги Мўйноқ – янги имкониятлар” мавзусидаги бизнес форум, жорий йилнинг октябрь ойида Нукус шаҳрида БМТ шафелигида юксак даражадаги “Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Конференция доирасида экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга хорижий инвестицияларни жалб этиш учун шароит яратиш, “яшил иқтисодиёт”, экологик тоза, энергия ва сув тежайдиган технологиялар тамойилларини комплекс татбиқ этиш, экотуризмни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Мазкур саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида ташкил этилган “International Investment Forum Karakalpakstan” халқаро инвестиция форумини ўтказишдан асосий мақсад Оролбўйига чет эл инвесторларини жалб қилиш ва у орқали ҳудудда ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш ва янги иш ўринларини яратиш, шунингдек, иштирокчиларни ҳудуднинг инвестициявий, экспорт ва туристик салоҳияти, инвесторлар учун жорий қилинган, божхона ва солиқ имтиёзлари билан яқиндан таништиришдир. Ҳақиқатан ҳам Қорақалпоғистон Республикасининг инвестициявий салоҳияти юқори бўлиб, ҳудуд ҳали фойдаланилмаётган ресурсларга жуда ҳам бой.
Жорий йилга белгиланган Қорақалпоғистон Республикаси минтақавий инвестиция дастури доирасида ўтган давр мобайнида 140,3 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинди. Уларнинг асосий қисми Хитой Халқ Республикаси, Жанубий Корея, Туркия, Буюк Британия, Германия ва Россия Федерация ҳиссасига тўғри келади.
Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Жанубий Кореянинг “Caris Co Ltd” компанияси ижрочи директори Ю Чеол, Хитой Халқ Республикаси “ARAL ALUMINIUM INVEST GROUP” компанияси бўлим бошлиғи Чжан Вэй Сюань, Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазири ўринбосари Б.Абидов мамлакатимизнинг инвестициявий салоҳияти, хорижий инвесторларга яратилган шарт-шароитлар ва бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.
photo5375357661110971719.jpg
photo5375357661110971720.jpg
Форум якунлари бўйича 313 миллион доллар миқдоридаги 18 та ҳамкорликдаги савдо-иқтисодий битимларга эришилди.
– Бўзатов ҳамда Нукус туманларида чорвачиликни ривожлантириш бўйича 15 миллион доллар миқдоридаги лойиҳани амалга оширамиз, –дейди Хитойнинг қишлоқ хўжалик университети профессори Ван Жие Ванг. – Ташрифим давомида бунинг учун барча имкониятлар бор эканлигига ишонч ҳосил қилдим.
Халқаро форум иштирокчилари Нукус шаҳри ва Нукус, Хўжайли, Қонликўл туманларига ташриф буюриб, ҳудудлардаги йирик саноат корхоналари фаолияти билан яқиндан танишди. Шунингдек, Бердақ номидаги академик мусиқа театр
и биносида Қорақалпоғистон Республикасида ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан иборат “Қорақалпоғистонда ишлаб чиқарилган” миллий кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейи ва Нукус шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишди.

 

Д.АБИБУЛЛАЕВ, М.ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА

  19.11.2019, 09:52  |    49 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!