Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг учрашуви тўғрисида​

Тошкент шаҳрида 15 ноябрь куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бўлажак маслаҳат учрашувига тайёргарлик доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Туркманистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Абдулазиз Комилов, Мухтар Тлеуберди, Чингиз Айдарбеков, Сирожиддин Мухриддин ва Рашид Мередов минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ва олий даражадаги учрашувга тайёргарлик жараёнини муҳокама қилдилар.
10.JPG
7.JPG
Йиғилишда таъкидланганидек, ҳозирги кунда давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси сабаб Марказий Осиёда дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ишончга асосланган мутлақо янги муҳит шаклланди.
Вазирлар савдо айланмасининг юқори суръатларда ўсганини, транспорт-коммуникация тизимларини ривожлантириш бўйича ишлар фаоллашганини, минтақа мамлакатларини боғлайдиган янги ерусти ва ҳаво йўналишлари очилганини мамнуният билан қайд этдилар.
8.JPG
Тошкент шаҳрида 29 ноябрь куни бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви кун тартиби кўриб чиқилди. Кун тартибига савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик, транспорт инфратузилмаси, илмий-техник ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалалари киритилиши режалаштирилмоқда.
Вазирлар саммитнинг якуний ҳужжати лойиҳаси ва бошқа режалаштирилаётган қарорларни ҳам муҳокама қилдилар.

 

Темур МАМАДАМИНОВ​ (сурат), ЎзА