Маълумки, жорий йилнинг 14-15 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида Халқаро инвестиция форуми ташкил этилди. Мазкур форум якунлари бўйича Қорақалпоғистон мисолида қандай натижаларга эришилди? Бу ҳақидаги саволимизга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Бахытжан Хабибуллаев қуйидагича жавоб берди:

-Икки кун давом этган ушбу форум Қорақалпоғистон Республикасида “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланинш йили” давлат дастурида бегиланган чора-тадбирлар ижросининг мантиқий давомидир.

Халқаро инвестицион форумида асосан Хитой Халқ Республикаси, Жанубий Корея, Германия, Россия, Покистон ва Қозоғистон каби 10 тадан ортиқ давлатлардан 70 нафар инвестор ва меҳмонлар иштирок этди.

Ташриф давомида меҳмонлар Қорақалпоғистон Республикасининг инвестицион, экспорт ва туристик салоҳияти, ҳудудда чет эл инвесторлари учун жорий қилинган қўлайликлар, жумладан божхона ва солиқ имтиёзлари  билан яқиндан танишдилар.

Муҳим томони шундаки, хорижий меҳмонлар Қорақалпоғистонда сўнги йиллар давомида эришилган ютуқларга гувоҳ бўлди ва уларнинг аксарияти айнан ҳудудимизда инвестицион ва иқтисодий йўналишда ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди.

Мазкур форум натижалари бўйича жами 313 миллион АҚШ долларига тенг 18 та ҳамкорликдаги савдо-иқтисодий битимларига эришилди.

Шундан 15 таси инвестицион (305 миллион АҚШ долларлига тенг), 3 таси эса (8 милилон АҚШ доллари) экспорт битимларидир.

Хорижий инвестор билан ҳамкорлик ушбу форум билан чекланмайди албатта. Бу борадаги ишлар ҳар куни давом этади.

 

Қорақалпоғистон Республикаси

Вазирлар Кенгаши Ахборот хизмати