Миллий гвардия фаолияти қонун билан тартибга солинади

Миллий гвардия фаолияти қонун билан тартибга солинади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, лойиҳада Миллий гвардиянинг асосий вазифалари, тузилиши, шахсий таркиби, ҳуқуқий ҳолати, фаолият йўналишлари, қурол-яроғ, жисмоний куч ишлатиш тартиби ҳамда махсус воситаларни қўллаш, хизматга кириш ва хизмат ўташнинг умумий шартлари ҳамда қоидалари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш чоралари аниқ баён этилган.
Таъкидлаш жоизки, лойиҳада умуммиллий қадриятларга таянган ҳолда, Миллий гвардия фаолиятининг асосий принциплари сифатида қонунийлик, фуқаро ҳамда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиниши, ҳаракатчанлик, тезкорлик, доимий жанговар тайёргарлик ва бўлинмаларнинг ўзларига қўйилган вазифаларни самарали ҳал қилиш тамойиллари қамраб олинган.
Лойиҳани ишлаб чиқишда миллий қонунчилик, шунингдек, Россия, Беларусь, Украина, Қозоғистон каби хорижий давлатларнинг тажрибаси атрофлича таҳлил қилинган. Мазкур қонун лойиҳаси 2019 йил 12 июнда regulation.gov.uz сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилиб, келиб тушган таклифлар асосида лойиҳага тегишли ўзгартиришлар киритилган.
Ушбу қонун лойиҳаcининг қабул қилиниши Миллий гвардия шахсий таркибининг ўз хизмат ва ҳарбий мажбуриятларини ишончли, ташаббускорлик асосида, аниқ қонунга таянган ҳолда амалга оширишига мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади.
Депутатлар мазкур қонун лойиҳасини истисно тариқасида бирйўла уч ўқишда қабул қилиш таклифини билдирдилар. Таклиф маъқулланди ва қонун уч ўқишда қабул қилинди.

 

Н.НАСРИЕВ, ЎзА

  12.11.2019, 15:26  |    91 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!