Қорақалпоғистонда чорвачилик ривожланади

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Президентимизнинг 2019 йил 7 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросига бағишланган мажлис бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов бошқарган мажлисда давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори ҳудудда чорвачилик ривожида янги босқични бошлаб бериши билан аҳамиятли экани таъкидланди. Бу Қорақалпоғистон чорвадорлари учун яна кўплаб имкониятлар эшигини очиши, халқимизнинг фаровонлигини, дастурхони тўкинлигини таъминлашга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Чорвачиликни ривожлантириш борасидаги тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, чорвачилик соҳасига аҳолини кенг жалб қилиш, чорвачилик билан шуғулланиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, чорвачилик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган лойиҳа ташаббускорларини, шу жумладан, потенциал инвесторларни аниқлаш ва уларнинг ишини ташкилий жиҳатдан таъминлаш, лойиҳа ташаббускорларининг кредит ресурслари ва ерга бўлган эҳтиёжларини аниқлаш, ер майдони ажратилишида амалий ёрдам кўрсатиш ва бошқа аҳамиятли масалалар бўйича амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларга тўхталиб ўтилди.
Мажлисда қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, унинг Қорақалпоғистонда чорвачиликни ривожлантиришдаги ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Президентимиз жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар ижроси билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида жорий йилнинг 20-21 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида республикани янада тараққий эттириш бўйича устувор йўналишларни белгилаб, улар бўйича фаол ишлаш зарурлигини таъкидлаган эди. Шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарнинг ўзига хос хусусиятлари ва имкониятларидан келиб чиқиб, уларни турли соҳаларга ихтисослаштириш бўйича тавсиялар берган эди. Шундан келиб чиқиб ҳудудда чорвачиликка ихтисослаштирилган Бўзатов тумани қайта ташкил қилинди.
Президентимизнинг 2019 йил 7 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманларини чорвачиликка ихтисослаштириш, ушбу ҳудудларда замонавий чорвачилик комплексларини ишга тушириш, яйлов ва пичанзорлардан самарали фойдаланиш ҳисобига аҳолининг чорвачилик маҳсулотлари, айниқса, гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш даражасини яхшилаш ҳамда даромадини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ҳужжат асосида Қорақалпоғистон Республикасида чорвачиликни ривожлантириш мақсадида Қорақалпоғистон чорвадорлари уюшмасини, Самарқанд ветеринария тиббиёт институтининг Нукус филиали қошида Ветеринария техникумини, Тахтакўпир туманида Бухоро чўл яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази филиалини ташкил этиш, шунингдек, 2020 йилдан бошлаб Қорақалпоғистонда қорамолларда учрайдиган тейлериоз касаллигининг олдини олиш бўйича эмлаш тадбирларини амалга ошириш каби қатор вазифалар белгиланган.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасида чорвачиликни ривожлантиришга оид лойиҳаларга Халқ банки томонидан 2019-2020 йилларда хорижий молия институтлари кредит линиялари ҳисобидан 75 миллион доллар миқдоридаги, агросаноатмажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги томонидан 2020 йилда Осиё тараққиёт банки иштирокида 50 миллион доллар миқдоридаги ҳамда ваколатли банклар томонидан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 291,6 миллиард сўм, “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури доирасида 75 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар йўналтирилиши назарда тутилган.

 

Есимхон ҚАНОАТОВ, ЎзА