Бош молиявий ҳужжат лойиҳаси депутатлар муҳокамасида

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиялар фракциялари “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди.
Хусусан, “Адолат” социал-демократик партияси фракция аъзолари томонидан эътироф этилганидек, бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётининг тармоқларини ислоҳ қилиш доирасида иқтисодий ва молиявий статистика маълумотларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, бюджет жараёни очиқлигини таъминлаш, солиқ юкини камайтиришнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Айниқса, жорий йилдан давлат бош молиявий ҳужжати – Бюджетномани тасдиқлашда янги амалиёт ҳаётга татбиқ этилмоқда. Яъни бюджет қонун тарзида тасдиқланмоқда. Шу мақсадда “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
2020 йилги Давлат бюджети харажатлари 131,1 триллион сўмни (ЯИМга нисбатан 20,1 фоиз) ёки 2019 йилги тасдиқланган параметрга нисбатан 24,2 фоизга ўсиши прогноз қилиниб, бу алоҳида соҳалар ривожига мақсадли харажатларни ошириш йўли билан иқтисодий ўсишни рағбатлантиришни таъминлайди. Шунингдек, 2020 йилги консолидациялашган бюджет харажатлари 162,4 триллион сўмни ёки ЯИМга нисбатан 24,8 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Фракция депутатларидан иборат ишчи гуруҳ фикрича, 2020 йилда ҳам аввалги йиллар сингари Давлат бюджетида ижтимоий харажатларнинг устуворлигини сақлаб қолиш ва ижтимоий соҳага йўналтириладиган маблағларга алоҳида эътибор қаратиш, маблағларнинг самарали сарфланишида ҳам муайян тизим яратиш зарур бўлади. Бу қонун лойиҳасининг халқчиллигини ва ижтимоий йўналтирилганлигини таъминлашга хизмат қилади.
Муҳокамаларда узлуксиз ягона таълим тизимининг муҳим бўғини ҳисобланадиган мактабгача, ўрта ва олий таълим муассасаларини молиялаштиришда давлат бош ислоҳотчи тамойилини сақлаб қолиш лозимлиги ва бу соҳалар ривожини таъминлашда уларга йўналтирилаётган маблағларнинг босқичма-босқич ошириб борилишини кўриб чиқиш ҳам фракция депутатлари диққат-марказида бўлди. Хусусан, 2020 йилда Давлат бюджетининг жами таълим соҳаси харажатлари 30,1 триллион сўм миқдорида ёки жами харажатларнинг 22,9 фоизини ташкил қилиши кутилмоқда.
Фракция депутатлари ушбу йўналишда, айниқса, мактабгача таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилаётгани, ҳозирги кунда Давлат бюджетидан мактабгача таълим муассасаларини сақлаш харажатлари учун ўтган йилларга нисбатан 2 баравардан ортиқ маблағлар ажратилаётганини қайд этдилар. Бу, ўз навбатида, болаларнинг мактабгача таълимга қамрови даражасини оширишга хизмат қилади, янгидан-янги боғчалар қурилишига имкон яратади.
Шунингдек, йиғилишда депутатлар томонидан бош молиявий ҳужжат лойиҳасида соғлиқни сақлаш тизимига ҳам катта эътибор қаратиш масаласи кўтарилди. Бунда 2020 йилда соғлиқни сақлаш соҳаси харажатлари 14,8 триллион сўмни ёки 2019 йилги тасдиқланган параметрларга нисбатан 33,6 фоизга ошган ҳолда, жами харажатларнинг 11,3 фоизини, ЯИМнинг эса, 2,3 фоизини ташкил этаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида қайд этилганидек, ушбу лойиҳанинг асосий предмети 2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси параметрлари бўйича маълумотларнинг халқаро стандартларга мувофиқ тайёрланиши ва белгиланишидан иборатдир.
Шунингдек, 2020 йил учун давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари прогнози маълумот учун қабул қилиниши ҳамда уларнинг харажатлари тасдиқланиши назарда тутилган. Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлари ва харажатлари прогнозлари маълумот учун қабул қилиниши белгиланган.
ХДП фракцияси аъзоларининг қайд этишича, мазкур қонун лойиҳасида белгиланган чоралар бюджет ижроси жараёни ва бюджет маблағларини тасарруф этувчиларнинг жавобгарлигини оширишни ҳамда давлат бюджети барқарорлигини таъминлайди. Шу билан бирга, қонун лойиҳасида аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш ва бюджет жараёни шаффофлигини таъминлаш мақсадида қонун лойиҳасида бюджет жараёнининг барча иштирокчилари томонидан маблағлардан фойдаланишга доир ҳисоботларни ҳамда солиқ ва божхона имтиёзлари рўйхатини жойлаштириш механизмини белгиловчи алоҳида боб келтирилган.
Бундан ташқари, мазкур қонун лойиҳасининг учинчи бобида бюджетлараро муносабатларнинг янги тизими жорий қилиниши назарда тутилган.
Депутатларнинг фикрича, ушбу механизмларнинг амалга оширилиши бюджетлараро муносабатларда шаффофликни, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ва бюджетни ишлаб чиқиш ҳамда унинг ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш жараёнида Олий Мажлис палаталари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар ролини кучайтиришга хизмат қилади.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА мухбири