Нукус “Оммавий диктант” пойтахти танловида ғолиб бўлди

Нукус шаҳри рус тили бўйича ҳар йили ўтказилиб келинадиган халқаро “Оммавий диктант” лойиҳасининг “2020 йил учун пойтахт танлаш” танловида ғолибликни қўлга киритди. 
Пойтахт мақоми учун танловда Вологда, Екатеринбург, Ижевск, Қозон, Краснодар, Санкт-Петербург, Ростов-Дону, Тамбов, Челябинск ва Нукус (Ўзбекистон) шаҳарлари иштирок этди.
Овоз бериш бугун маҳаллий вақт билан 12.00да якунланди. Нукус шаҳри ушбу танловда 7000 га яқин овоз тўплади. Нукус учун овоз беришда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан фуқаролар фаол иштирок этди. Ушбу жараённи хориждаги ватандошларимиз ҳам қизиқиш билан кузатиб борди.
Оммавий диктант – бу ҳар кимнинг ихтиёрий тарзда иштирок этадиган ҳар йили ўтказиладиган ўқув тадбиридир. Унинг иштирокчилари ўзларининг саводхонлиги ва рус тилини билишларини синаб кўришлари мумкин.
Ҳаракатнинг мақсади саводли бўлиш ҳар бир киши учун муҳим эканлигини кўрсатиш, рус тилини ўрганиш осон эмас, лекин қизиқарли ва фойдали бўлишига ишонч ҳосил қилиш, рус тилида ёзиш ва гапиришни биладиган ёки билишни истаганларнинг барчасини бирлаштиришдир.
Оммавий диктант – бу фаоллар ва кўнгиллилар томонидан амалга ошириладиган оммавий лойиҳа. Акция ташкилотчиси Оммавий диктант фондидир. Унинг штаб-квартираси Россиянинг Новосибирск шаҳрида жойлашган. Диктант таниқли ёзувчи томонидан ҳар йили диктант учун яратиладиган ягона матн бўйича олиб борилади. Турли вақтларда диктантнинг муаллифлари Павел Басинский, Андрей Усачев, Евгений Водолазкин, Алексей Иванов, Дина Рубина, Захар Прилепин, Дмитрий Биковлар бўлган. 2020 йилда оммавий диктантни Андрей Геласимов ўқийди.
2019 йилда оммавий диктант дунёнинг 81 мамлакатида бўлиб ўтди, унинг матни 1200 шаҳарда 236 мингдан ортиқ иштирокчилар томонидан ёзилган. Биринчи маротаба оммавий диктант 2004 йилда Новосибирск давлат университетининг гуманитар факультети талабалари томонидан ташкил этилган. Шу пайтда унга 130 киши қатнашган.
Мусобақа финали 2020 йил 1 февралда бўлиб ўтади. Матн муаллифи 4 апрель куни ғолиб бўлган шаҳарга жаҳон митингининг асосий платформасида диктантни ўқиш учун ташриф буюради.
Оммавий диктант лойиҳасининг 2018 йилдаги пойтахти Владивосток шаҳри, 2019 йилда эса Эстония пойтахти Таллин шаҳри бўлди.

 

Е.ҚАНОАТОВ, ЎзА