Норвегия делегацияси учрашувлари

Норвегия Қироллигининг Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби Аудун Ҳалворсен бошчилигидаги делегация ташриф билан мамлакатимизда бўлди.
Ташриф доирасида 5 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида норвегиялик меҳмонлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан учрашувда Ўзбекистон билан Норвегия ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик ривожланиб бораётгани таъкидланди. Норвегия БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фондига 1,2 миллион АҚШ доллари маблағ ажратиб, биринчи донор мамлакатга айлангани мамнуният билан қайд этилди.
Таъкидланганидек, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, мамлакатимизга Норвегия инвестициялари кириб келишини қўллаб-қувватлаш, юқори технологик қўшма корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш ва самарали савдо майдонларини ташкил этиш бўйича икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш муҳим.
Норвегиялик меҳмонлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатиб бораётганини, уларни рўёбга чиқаришда ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.
Қонун ижодкорлиги йўлидаги ҳамкорлик меъёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни янада ривожлантириш, бу эса, пировардида, мамлакатда қонун устуворлиги ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, Норвегия делегациясининг ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон – Норвегия вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги давраси бўлиб ўтди.
Делегацияларга Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов ва Норвегия Қироллигининг Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби Аудун Ҳалворсен раҳбарлик қилди.
Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, таълим ва инсон ҳуқуқлари соҳаларидаги икки мамлакат муносабатларининг жорий ҳолати ва истиқболлари ҳақида сўз юритилди.
Маслаҳатлашувда мамлакатларимиз ўртасида институтлаштириш, хусусан, тенглик асосида икки мамлакат парламентларида ҳамкорлик гуруҳлари ташкил этиш, Омбудсман институтлари алоқаларини мустаҳкамлашга оид таклифлар муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия таъсис этиш масалалари кўриб чиқилди.
Икки мамлакат делегациялари, шунингдек, глобал ва минтақавий халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари юзасидан фикр алмашди.
Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган ҳужжатларни қўллаб-қувватлагани учун Норвегия томонига миннатдорлик билдирилди.
Учрашув якунида ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мулоқотни доимий асосда амалга оширишдан икки томон бирдек манфаатдор экани қайд этилди.
Меҳмонлар ўзаро манфаатли соҳаларда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида вазирлик ва идораларда ташкил этилган мулоқот ва учрашувларда ҳам иштирок этди.

 

ЎзА