Партияларнинг тиббий хизматни ривожлантириш бўйича таклифлари борми?

Марказий сайлов комиссияси халқаро матбуот марказида Халқаро пресс-клубнинг анжумани бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистонда тиббиёт соҳасидаги муаммоларга ечим топиш бўйича партияларда қандай таклиф ёки дастурлар ишлаб чиқилгани муҳокама қилинмоқда.
Партиялар мазкур мавзу бўйича ўз дастурларини тақдим этди.
ЎзЛиДеП Ўзбекистонда хусусий касалхоналарни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
photo5334757399686392878.jpg
Ўзбекистон Экологик партияси касалликни даволашдан кўра унинг олдини олиш афзаллигини билдириб, мамлакатда аҳолига тоза ичимлик сувини етказиш бўйича лойиҳа ва таклифлари борлигини билдирди.
“Фуқароларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш орқали аҳолининг соғлом бўлишига эришамиз. Шу сабабли инфекцияли касалликларга асосий сабаб бўлувчи ҳолатларнинг олдини олиш ва 2025 йилгача 100 фоиз аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш – бош режамиз“, дейди партия вакили.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ижтимоий дорихоналарни парламент назоратига қўйишни режалаштираётганини айтди.
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» партияси халқ табобатини ривожлантириш тарафдори эканлигини ва тиббий суғуртани йўлга қўйиш таклифини олға сурди.
«Адолат» социал-демократик партияси тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантиришни режалаштирган. Шунингдек, мактаб ва ОТМларда тиббий хизматни сифатли йўлга қўйиш асосий мақсадларидан бири эканлигини маълум қилди.

 

ЎзА